Apple раҳбари Тим Кук: “гейлигимдан фахрланаман”

Дунёдаги энг йирик компаниялардан бири — Apple бош директори Тим Кук “гейлигидан фахрланиши”ни таъкидлади. У бу ҳақида Bloomberg Businessweek журналида маълум қилган.

“Жинсий мойиллигим ҳақида ҳар доим очиқ бўлганман. Apple’даги жуда кўплаб ҳамкасбларим гейлигимни билишади ва уларнинг муносабатида менга нисбатан қандайдир ўзгариш сезмаганман. Албатта, менинг яратувчилик ва янгиликни хуш кўрадиган компанияда ишлашим катта бахтимдир”, дейди компания раҳбари.

“Гарчи мен жинсий мойиллигим бўйича қандайдир тўсиққа дуч келмаган бўлсам-да, буни шу пайтга қадар омма олдида маълум қилмаганман. Шунинг учун шуни аниқ айтишим керакки, мен гейлигимдан фахрланаман ва буни Худо томонидан менга берилган энг катта неъматлардан бири сифатида қабул қиламан”, деди у.

Дунё оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ушбу янгиликка турлича муносабат билдиришди. Айрим оммавий ахборот воситалари буни янгилик эмас, деса, айрим нашрлар бу Тим Кук томонидан катта қадам эканлигини таъкидлашган.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари эса Apple раҳбарининг гейлигини тан олиши натижасида нусха кўчиришга ўрганиб қолган Samsung компанияси раҳбарияти ҳам ўзини гей, деб эълон қилади, деган латифаларни ёзишди.

Ўзбекистонлик ижтимоий тармоқ вакиллари эса бунга салбий муносабатини билдиришган.