Буюк Британияда интернетда “тролль” қилганлар икки йилгача қамалиши мумкин

Буюк Британияда интернетда бошқа фойдаланувчиларни ҳақорат қилувчи ёки уларга таҳдид солувчи шахсларга, хусусан, интернет-троллейларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилмоқда. BBCнинг хабар беришича, Буюк Британия адлия вазири Крис Грейлинг интернетда бошқаларнинг нафсониятига тегувчиларни 2 йилгача қамоқ жазосига тортишни таклиф қилди. Бу амалдаги қонунларда кўзда тутилган муддатдан икки баравар кўпдир.

Вазир интернет-троллей (шахслар)ларни “жамият ҳаётини заҳарлайдиган қўрқоқлар” деб атаб, “ҳеч ким ўз шахсий мулоқотида бундай нафратга лойиқ эмас ва унга ижтимоий тармоқларда ўрин йўқ”, деб таъкидлади.

Вазирнинг фикрича, қонун зўравонликка қарши курашиш учун қабул қилинади ва ҳукуматининг тажовузкор кибер-оммага жиддий зарба бериш бўйича саъй-ҳаракатларимизни намойиш қилади. “Биз шуни аниқ етказишимиз керакки, агар сен троллинг билан шуғулланаётган бўлсанг, билгингки, икки йил қамоқда “умргузаронлик” қилишингга тўғри келади”, деди вазир.

Буюк Британия қонунчилигига кўра, интернет-троллингга муайян шахс ёки гуруҳни очиқчасига жинсий ёки ҳақорат қилиш нуқтаи назаридан камситиш бўйича материаллар, шунингдек, интернетда қолдирилган таҳдидлар киритилган.

Интерент манбаларида ёзилишича, троллинг интернет фойдаланувчиси томонидан одатда бошқа шахснинг нафсониятига тегишга қаратилган тажовузкорона, камситиш ва ҳақорат қилиш хусусиятига эга бўлган онлайн ҳаракатлардир.