Тошкент халқаро аэропорти дунёнинг энг ёмон аэропортлари бешлигидан жой олди

The Guide to Sleeping in Airports («Аэропортларда ухлаш бўйича йўриқнома») интернет-ресурси рейтингига кўра, Тошкент халқаро аэропорти жаҳоннинг энг ёмон бешинчи, Осиёнинг энг эса тўртинчи аэропорти деб топилди.

“Сайт ўз маълумотларини аэропортларда бўлган йўловчиларнинг фикрлари асосида шакллантиради, жаҳон аэропортларини яхши ва ёмон деб топишда аэропорт ҳақида фойдаланувчилар томонидан қолдирилган фикрларга асосланилади”, деб ёзади Kun интернет нашри.

Материалда айтилишича, Тошкент аэропортида сўнгги вақтларда келиш ва кетиш залларида шароит бир қадар яхшиланганига қарамай, навбат ва оломон билан боғлиқ муаммолар ҳали ҳам “хафсалани пир қилади”.

Тошкент аэропортида бўлган халқаро йўловчиларнинг аксарияти деярли ҳар нарсадан – рўйхатга олишдан тортиб, багажни топширишга бўлган барча жараёнлардан норозилигини маълум қилган.

Манда ёзилишича Тошкент халқаро аэропортида навбат ва оломонни тартибга солиш бўйича ҳеч қандай ишлар амалга оширилмайди. “Бу аэропортда ухлаш қатъий тавсия этилмайди”, – дейилади ресурс маълумотида.

Жаҳон бўйича умумий рейтингда Покистон пойтахти – Исломободдаги Беназир Бҳутто халқаро аэропорт биринчи бўлган. Ундан кейинги ўринларда Саудия Арабистонининг Жидда шаҳридаги “Қирол Абдулазиз халқаро аэропорти”, Непал пойтахти Катмандудаги “Трибҳуван халқаро аэропорти”, Филиппин пойтахти Маниладаги “Нино Акиньо халқаро аэропорти” жой олган.

Ёмон аэропортлар ўнлигида Тошкент халқаро аэропортидан кейинги ўринларда Париж (Франция), Франкфурт (Германия), Бергамо (Италия), Берлин (Германия), Нью-Йорк (АҚШ)даги аэропортлар бор.

Сайт маъмурлари дунё аэропортларига баҳо бераётганда қуйидаги омилларга эътибор қаратган:

Комфорт — терминалларнинг одамлар билан лиқ тўлалиги, ўриндиқларнинг камлиги ва ноқулайлиги, ҳаво ҳароратининг тартибга солинмаслиги;

Қулайлик — 24 соат давомида овқатланиш имкониятининг борлиги ёки йўқлиги, авиақатнов қолдирилган, тўхтаганда нимадир билан банд бўлиш имкониятининг чекланганлиги, Wi-Fi интернетнинг йўқлиги;

Тоза ёки нотозалик — полнинг ифлослиги, ҳожатхонанинг сасиши, овқатланадиган жойнинг тоза эмаслиги;

Мижозларга хизмат кўрсатиш — ёрдам бермайдиган, нодўстона муносабатда бўладиган аэропорт ходимлари, аэропортда ухлаш имкониятининг чекланганлиги.