Элчи ватандошлар билан мулоқот қилди

Ўзбекистон Республикасининг Вашингтондаги элчихонасида Жаҳон банки, “Америка овози” телерадиокомпанияси ўзбек хизмати, “Ватандош” жамоаси, шунингдек, АҚШ бизнес тузилмаларида ишлаётган ҳамюртларимиз билан учрашув ташкил қилинди.

Унда, аввало, шу йилнинг 21 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайловда Америкада истиқомат қилаётган ватандошларимиз иштирокини таъминлаш, шунингдек, ватандошлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, консуллик хизмати фаолияти бўйича савол-жавоблар бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бахтиёр Ғуломов Ўзбекистон сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгаришлар, парламент сайловларининг мамлакат ижтимоий-сиёсий аҳамияти ҳақида сўзлаб берди. Масалан, сайловларда энг кўп депутатлик ўрнини олган ёки бир хил депутатлик ўрнини қўлга киритган сиёсий партиялар Бош вазир номзодини таклиф қилиши мумкин. Айни пайтда Бош вазирга ишончсизлик вотуми — лавозимидан озод қилиш таклифи ҳам илгари сурилиши мумкин.

Бахтиёр Ғуломов парламент сайловларида фаол қатнашишга чақирди. Шуни айтиш керакки, сиёсий партиялар сайловга 45 кун қолгунга қадар ўз номзодларини тақдим қилиши лозим.

Учрашувда билдирилган фикрлар, саволлардан келиб чиқиб, элчихона ва консуллик ходимлари шу йилнинг ноябрь ойида Нью-Йоркда ўзбекистонликлар билан учрашув ўтказилиши мумкинлигини маълум қилишди.

Тадбир сўнгида ўзбек миллий таомларидан тортилди. “Ватандош” жамоаси бундай мулоқотлар бардавом бўлишига умид билдириб, элчихонага ташаккур билдиради.