АҚШ элчихонаси: ўтган йили Ўзбекистонда 4368 киши “грин-карта” ғолибига айланган

АҚШ Давлат Департаменти 2016 йил «Турли Миллат Вакиллари учун Иммиграцион Визалар – DV» (Грин Кард) Лотереясига рўйхатга олиш даври 2014 йил 1 октябрдан 2014 йил 3 ноябр Тошкент вақти билан соат 22:00 гача жамоат учун очиқ бўлишини эълон қилди.

15 октябрь куни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасида журналистлар учун ўтказилган навбатдаги матбуот анжуманида Консуллик бўлими бошлиғи Райан Хейли Грин Кард лотереяси ҳақида журналистларнинг саволларига жавоб берди:

— Турли Миллатга Мансуб Иммигрантлар Визасининг тўлови қанча?

— Ёшидан қатъи назар АҚШга DV лотереяси орқали кетадиган ҳар бир киши учун тўлов 330$ ни ташкил этади. Масалан, бир киши DV лотереясини ютиб оиласи билан АҚШга кетмоқчи. У аёли ва болалари учун ҳам алоҳида 330$ дан тўлайди. Икки йил олдин бу тўлов 819$ эди.

— Ариза тўлдирувчининг ўзи айни пайтда бошқа давлатда бўлса, у DV лотереясига топшира оладими?

— Ҳа, албатта. Бу ерда муҳими ариза топшираётган шахснинг Ўзбекистонда туғилганлигидир. Қайси давлатнинг фуқароси эканлиги аҳамиятсиз. Ҳатто у ҳозир АҚШда бўлса ҳам агар DV лотереясини ютса, ўша ердан туриб, ўз иммиграциявий мақомини ўзгартириши мумкин. Шунингдек, бошқа давлатларда яшаётган ўзбекистонликлар ўша ердаги консуллик бўлимларига мурожаат қилишлари мумкин.

— 2015 йилги DV лотереясига ариза топширган ва ютганлар ҳақида статистик маълумот мавжудми?

— 2015 йилги DV лотереясига бутун дунёдан 9 388 986 киши (оила аъзолари билан 14 397 781 киши) ариза топширган. Улардан 125 000 нафарига ютуқ чиққан. Ўзбекистондан эса 4368 киши DV лотереяси ғолибига айланган. Айтиш мумкинки, ғолибларнинг ҳаммасига ҳам виза берилмайди. Дунё бўйича йилига 50000 кишигагига Турли Миллатга Мансуб Иммигрантлар Визаси берилади.

— Бу йил Ўзбекистондан DV лотереяси ютганлар сони аввалги йилларга нисбатан кам экан. Бунга сабаб нима? Қизиқишнинг камайганлигими ёки бошқа муайян сабаблар мавжудми?

— Тақсимлашнинг амалга оширилиши сифати ва бу рақамларнинг нега бундай танланганлиги ҳақида маълумотимиз йўқ. Тақсимлашнинг ҳудудлар бўйича ва бошқа йўналишларда қоидалари ва қонуни мавжуд. Бизнинг асосий вазифамиз танланганларнинг ҳужжатларини ўрганиб чиқиш ва улар талаб даражасига бўлса, визани тақдим этишдан иборат.

— Грин Кард лотереяси ўйналадиган ойда бир қанча фирмалар аризани тўлдириш бўйича ўз хизматларини таклиф этадилар. Бунақа рекламаларни ҳар бир бекатда учратиш мумкин. Консуллик кўпчиликка қулайлик яратиш мақсадида аризачиларга кўмак марказини очса бўлмайдими?

— АҚШ давлат департаменти DV лотереясини ҳар бир иштирокчи ўзи тўлдиришини, учинчи шахсларга ишонмасликни ҳамда тўлдирилганлиги ҳақидаги рақамни сақлаб қўшишни тавсия этади. Фирибгарларнинг қўлига тушиб қолмаслиги учун аризачилар ўз маълумотларини бошқаларга тақдим этмасликлари керак. Афсуски, АҚШ давлат департаменти АҚШ элчихонаси ташқарисида тижорий ва бошқа фаолиятлар билан шуғулланиши мумкин эмас. Биз барча ишончли маълумотларни элчихона сайтида эълон қилганмиз. Мурожаат этувчиларнинг саволларига ҳам жавоб берамиз.

— Ўзбекистонликлар учун DV лотереяси лимити тўлиб қолмоқда, энди Ўзбекистон учун ушбу дастурда жой ажратилмайди, деган миш-мишлар юрибди. Бу қанчалик асосли?

— Ўзбекистон учун ушбу дастурда жой ажратилмаcлиги ҳақида маълумот йўқ. Одатда сўнгги 5 йил ичида АҚШга келган иммигрантлар сони 50000 дан ошган давлатлар учун Грин Кард ажратилмайди. Сўнгги беш ичида АҚШга келган ўзбекистонлик иммигрантлар сони 50000 дан ошган эмас.

— Фуқаро “Грин Карта”га топширган ҳолида бошқа ноиммиграцион визаларга топшириши мумкинми? Унинг “Грин Карта” ўйнагани бошқа визаларга тўсқинлик қиладими?

— Бу саволни кўпчиликдан эшитишга тўғри келади. DV лотереясида иштирок этиш фуқаронинг бошқа ноиммиграцион визалар олишига тўсқинлик қилмайди. Агар ариза топширувчининг ишончли ва ҳақиқий асослари бўлса, унга ноиммиграцион виза берилади.

Давронбек Тожиалиев тайёрлади.
Ziyouz.uz сайтидан олинди.