Ўзбекистон Германиянинг Термиз халқаро аэропортидан фойдаланиши бўйича ижара муддатини узайтирди

Ўзбекистон Германия томонидан Термиз халқаро аэропортидан транспорт-логистика мақсадларида фойдаланиш бўйича ижара шартномаси муддатларини узайтирди. Бу ҳақда “РИА Новости” ўз манбасига таяниб хабар берди.

Агентлик манбасига кўра, икки мамлакат мудофаа вазирликлари ҳаво йўлаги ижараси бўйича шартнома муддатини узайтиришди. Шартнома талаблари ва суммаси ошкор қилинмади.

Ўзбекистон 2001 йилнинг охирида Германияга Термиз халқаро аэропортидан ноҳарбий юкларни ташиш учун фойдаланишга тақдим қилган эди. Бу борада расмий шартнома 2002 йилда имзоланган эди. 2010 йилда янги шартнома имзоланган эди. Унинг муддати 2014 йил 31 октябрь куни тугади.

Бундан аввалроқ, Германия тарафи ушбу аэропортдан яна тўрт йилга фойдаланиш мақсадида шартнома имзолашга қизиқиш билдирган эди. Аммо кейинчалик айрим оммавий ахборот воситаларида ижара ҳақи ва бошқа масалаларда келишувга эришилмаётгани қайд этилган эди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 14 октябрь куни Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Берлинда Германия федерал ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер билан учрашган эди.

Икки давлат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва бошқа соҳалардаги давлатлараро алоқаларнинг истиқболларини муҳокама қилдилар.

Барча даражалардаги ҳамкорликнинг ўзаро ижобий тажрибаси, муносабатларнинг мунтазам янгиланаётган шартномавий-ҳуқуқий асоси кўп қиррали Ўзбекистон-Германия мулоқоти келажагига ишонч билан қараш имконини яратаётгани қайд этилди.

Учрашувда савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликни янада кенгайтириш, юксак немис технологияси ва Ўзбекистон томонидан хорижий сармоядорларга тақдим этиладиган катта имтиёзлардан фойдаланган ҳолда замонавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдан ҳар икки томон ҳам манфаатдорлиги таъкидлаб ўтилди.

Суҳбатдошлар маданий-гуманитар соҳадаги алоқаларни кенгайтиришнинг устувор йўналишларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Шунингдек, томонлар долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар, шу жумладан Афғонистонда вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Музокаралар сўнгида вазирлар Ўзбекистон ва Германия ўртасида даромад ва мол-мулк солиқлари юзасидан икки ёқлама солиқга тортишнинг олдини олиш тўғрисида 1999 йил 7 октябрдаги Битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Баённомага имзо чекдилар.