ХВЖ: Ўзбекистон Марказий Осиёда Россия иқтисодиётига боғлиқлиги паст бўлган ягона мамлакатдир

Ўзбекистон Марказий Осиёда Россия иқтисодиётига боғлиқлиги энг паст бўлмаган ягона мамлакат ҳисобланади. Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармаси навбатдаги ҳисоботида маълум қилинган.

Ўзбекистоннинг экспорти Россия бозорига 3 фоиздан кам, импорт 3-10 фоиз, пул ўтказмалари ва тўғридан-тўғри инвестициялар эса 3 фоиздан кам миқдорда боғлиқдир.

Айни пайтда ХВЖ маълумотларига кўра, Қирғизистон импорт ва пул ўтказмалари бўйича 10 фоиз, экспорт ва тўғридан-тўғри инвестициялар бўйича 3-10 фоиз, Тожикистон эса импорт ва пул ўтказмалари бўйича 10 фоиздан ортиқ, экспорт бўйича 3 фоиз, тўғридан-тўғри инвестиция бўйича 3-10 фоиз миқдорида Россияга боғлиқдир.

Туркманистон экспорти 10 фоиздан ортиқ, Қозоғистон импорт ва экспорт бўйича 3-10 фоиз миқдорида Россия билан боғлиқдир.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Марказий Осиёда ўзаро савдо айланмасида ижобий сальдони сақлаб қолган ягона мамлакат ҳисобланади. Ҳисоботда қайд этилишича, бу кўрсаткич 2000-2010 йилларда ЯИМга нисбатан 5,1 фоиз, 2014-2015 йилларда эса, ХВЖ ҳисоб-китобларига кўра, тегишинча 0,1 ва 0,5 фоиз миқдорида сақлаб қолинади. Марказий Осиёнинг қолган барча мамлакатлари ўзаро товар айирбошлашда салбий сальдога эга.

ХВЖ яқинда Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатларида иқтисодий ўсиш суръатлари бўйича прогнозини пасайтирган эди. Унга кўра, 2014 ва 2015 йилларда бу кўрсаткич 5,5 ҳамда 5,6 фоиз атрофида бўлади. Бунга минтақадаги иқтисодий танглик, хусусан, Россиядаги муаммолар сабаб инвестициялар ва пул ўтказмаларининг пасайиши ҳамда ички истеъмолнинг сусайиши билан боғлиқдир.

Ўзбекистон ҳукумати прогнозларига кўра, мамлакат иқтисодиёти 2014 йилда 8,1 фоиз ўсади.

2014 йилнинг ўтган 9 ойи давомида мамлакатнинг ташқи савдо айланмаси 21,3 млрд. АҚШ долларини ва 2013 йилнинг шу давридагига нисбатан 0,6 фоизга, шу жумладан экспорт ҳажми – 11,1 млрд. АҚШ долларини 0,2 фоизга, импорт ҳажми эса 10,2 млрд. АҚШ долларини 0,9 фоизга ўсди. Ташқи савдо салдоси 916,8 млн. АҚШ долларини ташкил қилди. Бунда Россиянинг улуши 27-29 фоизни ташкил қилади.