Ўзбекистон парламент сайлови учун хорижда 44 та сайлов участкаси ташкил қилинади

Марказий сайлов комиссияси Ташқи ишлар вазирлигининг Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкаларини ташкил этиш ҳақидаги тақдимномасини кўриб чиқиб, парламент сайлови бўйича 44 та сайлов участкасини тузиш ва уларни Тошкент шаҳридаги 126-Темирйўлчилар сайлов округига бириктириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар тарқатди.

Марказий сайлов комиссиясига тегишли тартибда мурожаат қилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов шу йилнинг 21 декабрь куни бўлиб ўтади. Мамлакат бўйлаб 9 мингдан зиёд сайлов участкалари ташкил қилинган.

Америкада ҳам ўзбекистонликлар овоз бериши учун иккита сайлов участкаси ташкил қилинади. Уларнинг овози Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги жойлашган округ бўйича ҳисоблаб чиқилади.