Ўзбекистон Сенати ўзининг охирги мажлисини ўтказади

Шу йилнинг 13 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси ўтказилади.

Сенат матбуот хизматининг хабар беришича, сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари тўғрисидаги, шунингдек, 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиши кутилмоқда.

Шунингдек, “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги ва Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларни ҳам кўриб чиқиш режалаштирилган.

Шуни қайд этиш керакки, Сенат ҳар йили декабрь ойида ўз ялпи мажлисини ўтказар эди. Жорий йил ноябрь ойида бўлиб ўтадиган ялпи мажлис ушбу таркибдаги Сенатнинг охирги мажлиси бўлиб, унда сенаторлар амнистия актини қабул қилиши ҳам мумкин. Чунки сўнгги йилларда шаклланган анъанага кўра, ҳар йили Конституция куни муносабати билан амнистия акти қабул қилинар эди.

Сенат Ўзбекистон Олий Мажлисининг юқори палатаси бўлиб, унда ҳар бир маъмурий ҳудуд (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри)дан 6 нафар сенатор (жами 84 нафар) ва Президент фармони билан тайинланган 16 нафар сенатор фаолият юритади.