А Л Л А
Ҳикоя
Машинамга бензин қуйдираётган эдим.
Билагига бир даста докаю қўлига аллақанча ялтр-юлтр ашқал-дашқаллар-ни кўтарвоган бир йигитча менга яқинлашаётиб:
– Марли олмайсизми, дода? – деди.
Биламанки, йигитча тошкентлик эмас, аллабир вилоятдан.
Ичимда кулдим.
... момангни кўрмаган бўлсам, – деган бир иддао беихтиёр кўнглимдан кечди. – Мен сенга қанақасига дода бўлай, бўтам?!.
– Икки метр, – деди Йигитча. – Икки минг икки юзга бераман, дода. Ола қолинг? Почин бўсин.
– Қайерликсан?
– Сурхондарёлик.
– Сурхондарёнинг қайеридансан.
– Деновдан.
– Тоштемир акани биласанми? – дедим. – Турдиев... Адабиётшунос олим.
– Ҳокимнинг муовинини айтаяпсизми?.. Эшитганман – я х ш и одам. Ле-кин, ўзларини кўрмаганман.
... тўғри-да, эшитган бўлиши мумкин... Тоштемир ака бир эмас, ўн бит-та ҳокимга ўринбосарлик қилган; ўтган ҳокимларнинг атиги иккитасини ҳурмат билан эслайдила: эмишки, икковгинаси – халқпарвар, икковгинасининг кўзи тўқ бўлган экан!.. Ўзлари жуда ... донишманд. У кишининг одамохунлиги ҳақида Йигитча ота-боболаридан эшитган бўлиши керак.
– Отангнинг нечанчи фарзандисан?
– Бешовнинг – бири... Кенжасиман.
Талаба неварам бир кунлик харажатига ўн мингни кам билишини ўйлаб:
– Бир кунда йигирма беш... ўттиз минг топасанми? – дедим.
Йигитча кулди:
– Йигирма минг... – деди. – Еган-ичгандан ташқари.
Йигитчага, р о с т и с и, ҳавасим келди.
– Ижарага қанча тўлайсан?
– Хўжайинла тўлайдила, – деб, Йигитча “UZGAZOIL”нинг маҳобатли дў-кони томонга ишора қилди. – Оласизми, дода?
Менга дока керак эмас эди, лекин:
– Минг сўмга берсанг, оламан, – дедим.
– Э, ўзимга мингдан беришади-ку! – деди Йигитча, бу гал бошқачароқ ку-либ. – Майли, сиз бир ярим минг беринг?
Шартта бир ярим мингни узатдим.
– Отинг ким?
– Қудрат... отим Қудрат.
Қудрат – бўйчан, кенг елкали, юз-кўзлари ёқимли... Ёш-да, кирган бўлса, энди ўн тўққизига киргандир, лекин... йигирмасига эмас; қорагина кўзлари, – ҳеч бир соғинчу қўмсовни, ҳеч бир ғуссаю аламни писандига илмаётгандек, – кишининг ҳавасини келтирар даражада чақнайди.
– Топган пулингдан ота-онангга жўнатиб турасанми, Қудрат?
– Э, ҳаммаси ўшалага-да, амаки!..
Қўққис, унинг аслига қайтиб, э, ҳаммаси ўшалага-да, а м а к и, дегани менга хуш ёқди:
– Барака топ, Қудрат! – дедим. Ахир, мен ҳам – отаман; ахир, мен ҳам – бобоман. – Ў з и омадингни берсин, Қудрат!..
Ўша аснода тоғни урса талқон қилгудай бензинфуруш йигит:
– Ҳайданг, амақи! – деди.
Навбатдаги машиналар эса, дунёсига ўт кетгандек, бараварига дод солво-ришди: ба-а-ап! Ба-ба-ба-а-ап!!.
Шошилинч Қудрат билан хайрлашиб, ўриндиққа ўтирдиму, калитни тов-ладим.
Машинам жойидан оҳудай сакрар-сакрамас, хонанда Мукаррама Азизова-нинг жарангдор, ҳасратзада, умидбахш, лекин, жудаям ҳазин алласи жисму жонимни жимирлатворди:
Алла айтай, жоним болам,
Ширин қўзим, алла-ё!..
Истиқболинг порлоқ сенинг,
Қора кўзим, алла-ё!..
Тамомила бору борлиғимни унутган каби, хонанданинг ноласини эмас, боласининг бешигини қучган бир дилбар онанинг айни дил розларини тинг-лаётгандек, бирдан кўзларим жиққа ёшга тўлди. Ва, билдимки, гарчи, тобора – кун сайин, соат сайин эсим сусаяётган бўлса ҳам, – дард ёмони қарилик-дир, ёронлар! – яқин ойлар, яқин йилларда қорагина кўзлари ажабтовур чақ-наётган йигитчани – Қудратни – унутмайман... унутолмайман.
Истиқболинг порлоқ сенинг,
Қора кўзим, алла-ё!..
07.02.2013й.
Маданият