Афғонистонда Ўзбекистон фонди томонидан Алишер Навоий қабр тоши ва мақбараси эшиги янгиланди

Бобур халқаро жамоат фонди 2015 йилда Афғонистоннинг Ҳирот шаҳридаги тарихий Мусалло майдонида жойлашган Алишер Навоий мақбарасида ободонлаштириш ишларини олиб борди. Бу ҳақида фонд раиси Зокиржон Машрабовга асосланиб “Маънавий ҳаёт” журнали хабар бермоқда.

“Дарё.uz” интернет нашрининг ёзишича, Бобур халқаро жамоат фондининг илмий экспедицияси аъзолари 2015 йилда уч марта Афғонистонга сафар уюштириб, Навоий мақбарасини ободонлаштириш бўйича ишларни режалаштириб олган.

Навоийнинг янги қабр тоши Навоий вилояти, Нурота тумани, Ғозғон қишлоғида яшовчи уста сангтарош Тоҳиржон Раҳимов томонидан, мақбара эшиги эса тошкентлик ёғоч устаси Алишербек томонидан тайёрланди. Қабр тошининг оғирлиги салкам 4 тонна бўлиб, 9 бўлак мармардан ташкил топганди.

Қабр тошига Қуръони карим оятлари ва Навоий қаламига мансуб: «Бу гулшан ичраки йўқтур бақо гулига сабот, Ажаб саодат эрур чиқса яхшилик била от» (форсча: «Дар ин чаман шукуфау гулро сабот нест, Гар номи нек бимонанд аз инсон саодат аст») мисралари ўзбек ва форс тилларида ўйиб ёзилди.

Фото: «Маънавий ҳаёт» журнали / Бобур халқаро жамоат фонди/Daryo.uz
Фото: «Маънавий ҳаёт» журнали / Бобур халқаро жамоат фонди/Daryo.uz

Ҳамма зарурий ишлар якунига етгач, 8 кишидан иборат экспедиция 2015 йил 19 июль куни Андижон — Бухоро — Туркманистон — Афғонистон йўналиши бўйлаб йўлга чиққан. Афғонистонда экспедицияни Ҳиротга қадар алоҳида ҳарбийлар гуруҳи қўриқлаб борган.

Ободонлаштириш ишларининг биринчи босқичида Навоий мақбараси ичида ғиштдан тикланган сағана бузилган, сангтарош уста Тоҳиржон Раҳимов бошчилигидаги гуруҳ ҳар бир пишиқ ғиштни синдирмай, жойидан қўзғатиб олган.

Фото: «Маънавий ҳаёт» журнали / Бобур халқаро жамоат фонди/Daryo.uz
Фото: «Маънавий ҳаёт» журнали / Бобур халқаро жамоат фонди/Daryo.uz

Шундан сўнг олти-етти кун ичида мармар тахталар эҳтиёткорлик билан, арқонда кўтарилиб, жойлаштириб чиқилган ва Алишер Навоий мақбараси остида оппоқ мармардан янги сағана тикланган, унинг атрофига мармар плиталар ётқизилган.