Барак Обама Американи “қуролсизлантирмоқчи”

АҚШ президенти Барак Обама мамлакатда қурол-яроғдан фойдаланишни чеклаш борасида ўзининг мутлақ ваколатларидан фойдаланишга қарор қилди. У душанба куни АҚШ адлия вазири Лоретта Линч ва Федерал тергов бюроси раҳбари Жеймс Коми билан ўтказган мулоқотидан сўнг конгресснинг кўпйиллик қаршилигига қарамасдан қурол-яроғ айланиши устидан назоратни кучайтириш бўйича чора-тадбирларини эълон қилишга қарор қилди. Оқ уй матбуот хизматининг маълум қилишича, Обама сешанба куни ушбу чора-тадбирларни оммага ошкор қилади.

Янги режага кўра, барча қурол-яроғ сотувчилари тегишли лицензияга эга бўлишлари ҳамда ўз харидорларини текшириши керак бўлади. Интернетдаги қурол-яроғ сотувчилари ҳамда қурол кўргазмалари учун жорий қилинган истиснолар бекор қилинади.

Бундан ташқари, Федерал тергов бюроси қурол-яроғ сотувчиларини текшириш учун 200 нафар ходим ёллайди. Штатлар эса, ўз навбатида, марказий ҳукуматга психологик хаста бўлган ҳамда қурол сотиб олишга ҳуқуқи бўлмаган шахслар ҳақида маълумотни ҳамда уй зўравонлиги бўйича рўйхатни тақдим қилиши керак бўлади.

Конгресс эса аҳоли ўртасида руҳий муаммоларни даволашга ярим миллиард доллар ажратиши керак бўлади.

АҚШ президентлигига республикачилар партиясидан номзод Рэнд Пол барча саъй-ҳаракатларини ушбу режани бекор қилишга сарфлашини маълум қилди. Чунки уларнинг фикрича, қурол олиб юриш АҚШ фуқаросининг конституциявий ҳуқуқи ҳамда президент бундай ҳуқуқни чеклаш ваколатига эга эмас.

Обаманинг фикрича, ушбу масалада конгресс рухсатисиз иш тутишга у қонуний ваколатга эга. “Қурол-яроғ айланишини текшириш эҳтимолий қотилликларнинг олдини ололмаса-да, кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолади”, деди у.

Статистика маълумотларига кўра, ҳозирги кунда АҚШда 300 миллион донадан ортиқ қурол-яроғ муомалада бўлиб, 2015 йилда 10 минг нафарга яқин киши ўқотар қуроллар билан боғлиқ ҳолатлар қурбони бўлди, 20 минг нафардан ортиқ киши жароҳатланди. Ачинарлиси, охирги пайтларда таълим муассасалари, диний ташкилотлар ва одамлар гавжум бўладиган жойларда қуролли ҳужумлар сони ошиб бормоқда.