Жаҳон банки Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишига кўмаклашишга тайёрлигини билдирди

Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича вице-президенти Сирил Мюллер Ислом Каримовга ташаккур мактуби ёзди. “Сиз билан 2015 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистонга ташрифим чоғида учрашганим менга улкан мамнуният бағишлади. Шахсан Сизга ва Ўзбекистон ҳукумати вакилларига самимий қабул ҳамда самарали мулоқотлар учун ўзимнинг чуқур миннатдорлигимни изҳор этаман”, дейилади мактубда.

Жаҳон банки вакили Ислом Каримовнинг хусусий секторни Ўзбекистон иқтисодий тараққиётининг устувор йўналишига айлантириш борасидаги стратегик концепциясини юксак баҳолашини ва қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

У Ўзбекистон кейинги ўн йиллар давомида эришган улкан ютуқлар ва ўсиш суръатларини сақлаб қолиши ва янада ривожлантириши учун тараққиётнинг янги усулларини топиши зарур деган фикрга тўла қўшилишини қайд этди. Давлат секторини бошқариш самарадорлиги ва очиқлиги халқаро стандартларга мувофиқ олиб борилаётган Ўзбекистонда замонавий технологиялар билан жиҳозланган, давлат томонидан қўллаб-қувватланаётган хусусий сектор бундай ўсишни таъминлашда асосий омил бўлмоқда.

“ Сизни ишонтириб айтаманки, Жаҳон банки гуруҳи Ўзбекистон билан ҳамкорликни юксак қадрлайди ва ўзаро шериклигимизнинг навбатдаги концепцияси доирасида мамлакатингиз иқтисодий тараққиёти янада юксалиши йўлида ҳамкорлик қилишга доимо тайёр”, дейилади мактуб якунида.

SHARE