Туркия матбуоти Ўзбекистон билан виза режими қайта тикланиши ҳақида хабар тарқатди

Туркия оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарларга кўра, Туркия дунёнинг 89 мамлакати, шу жумладан, Ўзбекистон билан ҳам виза режимини тикламоқчи. Хабарларда айтилишича, мазкур тартиб шу йилнинг июнидан жорий қилинади. Ўзбекистон билан бир қаторда рўйхатда Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатлари ҳам бор.

Қозоғистон оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги ушбу масалада Туркиядан ҳеч қандай расмий ахборот олгани йўқ. Айни пайтда вазирлик “хабарга очиқлик киритишга ҳаракат қилмоқда”.

Туркиянинг ушбу мамлакатдаги элчихонаси ҳам мазкур масалада расмий маълумот йўқлигини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги вақтда Туркиядан Сурияга турли мамлакатлардан келаётган террористларни ўтишга уриниши кўпаяётгани сабабли ушбу мамлакатга турли эътирозлар билдирилаётган эди. Шундай бўлса-да, Туркия туристик ташкилотлари ушбу хабар бўйича ўз хавотирини билдиришмоқда.

SHARE