Давлат ва жамоат арбоби Эркин Боқибоев оламдан ўтди

Ўзбекистон жамоатчилиги оғир жудоликка учради. Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси Марказий кенгаши раиси Эркин Боқибоев 82 ёшида вафот этди.  Бу ҳақида ЎзА хабар тарқатди.

Э.Боқибоев 1934 йилда Тошкент шаҳрида хизматчи оиласида туғилди. 1957 йилда Тошкент молия-иқтисод институтини (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети) тамомлади. У Халқ банкининг Фарғона вилояти Олтиариқ тумани бўлимида иқтисодчи бўлиб иш бошлади. Кейинчалик бўлим бошқарувчиси, банкнинг Сирдарё вилояти бошқарувчиси ўринбосари, «Ўзагросаноатбанк» бошқаруви раиси, Марказий банк раиси, молия вазири сингари масъул лавозимларда самарали меҳнат қилди. 1999 йилдан умрининг охиригача «Нуроний» жамғармасининг Марказий кенгаши раиси сифатида фаолият кўрсатди.

Э.Боқибоев ўзининг қарийб 60 йиллик иш фаолияти давомида республикамизда банк-молия соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшди. «Нуроний» жамғармасидаги фаолияти давомида мамлакатимизда уруш ва меҳнат фахрийларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшларимизни она Ватанга, халқимизга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, бу борада кекса авлод вакилларининг фаол иштирокини таъминлашда ўзининг ташаббускорлик ва ташкилотчилик фазилатларини намоён этди.

Э.Боқибоевнинг кўп йиллик самарали меҳнати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи фахрий унвони, «Дўстлик», «Эл-юрт ҳурмати», «Меҳнат шуҳрати» орденлари билан мукофотланган эди.

Меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Эркин Боқибоевнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.