Шерали Жўраев билан Навоий ҳақида суҳбат

Ҳазрат Навоий таваллуди арафасида сўз айтиш шараф. Ҳазрат Навоий ҳақида сўз айтиш осон эмас. Бунинг учун Ҳазрат Навоийни таниш камлик қилади. Ҳазрат Навоийни ўқиш камлик қилади. Навоий ҳақида сўз айтиш учун Навоийни англаш керак. Навоий ҳақида сўз айтадиган киши Навоий дардини ўз танасида ҳис қилиши керак. Навоий ҳақида сўз айтадиган кишининг руҳияти Ҳазрат Навоий руҳиятига яқин бўлиши керак. Ҳазрат Навоий ҳақида сўз айтадиган киши Ҳазрат Навоийга яқин бўлиши керак.

Биз Ҳазрат Навоий ҳақида сўз айтишни Ҳазрат Навоий ғазалларининг зукко билимдони, бу ғазалларга басталанган ўлмас қўшиқларнинг моҳир ижрочиси, Навоий номидаги Давлат мукофоти соҳиби, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевдан илтимос қилдик.

– Ҳурматли Шерали ака, халқимиз Сизни фақат бетакрор овоз соҳиби, беназир қўшиқлар муаллифи сифатидагина эмас, балки мумтоз адабиётимизнинг толмас тарғиботчиси сифатида ҳам билади ва қадрлайди. Айниқса, миллий маънавиятимизнинг икки буюк чўққиси – Мир Алишер Навоий ҳамда Мирзо Бобур ижоди Сизнинг репертуарингизда алоҳида ўрин тутади. Айтингчи, Алишер Навоий ижоди билан дастлабки танишув Сизда қачон рўй берган?

– “Ҳамма Вақтдан қўрқади, вақт эса эҳромлардан,” дейилади Қадимги Миср манбаларидан бирида. Назаримда, Ҳазрат Навоий шахсияти ва ижоди ҳақида ҳам шундай дейиш ўринлидир. Мана, беш асрдан ортиқдирки, бу табаррук зот жаҳон тамаддуни тарихининг яловбардорларидан бири сифатида эъзозланиб келинмоқда. Башариятнинг қувончу қайғуси, инсонийлик моҳияти, барча ишларда эзгу ният, эзгу амал ва эзгу каломни асос қилиб олиш, маънавий камолот сари интилиш ҳақида умрбоқий асарлар яратган бу мутафаккир зот ўзбек мумтоз адабиётининг тамал тошини қўйди, оламда туркий тил ва туркий адабиёт   ўзига муносиб мавқега эга эканлигини амалда исботлаб берди.

Саволингизга жавоб бериш учун гапни узоқроқдан бошлашимга тўғри келади. Раҳматли қиблагоҳимиз – Жўрабойваччанинг ўғли Нурмуҳаммад саводсизлик, омилик фазилат ҳисобланган қатағон йилларида туғилиб, вояга етганлар. Оддий инсон, чорвадор бўлганлари билан ўқимишли одамларни қаттиқ ҳурмат қилардилар. Имкон топилди дегунча, мадраса кўрган оқсоқолларни йиғиб, бир пиёла чой устида суҳбат қуришни яхши кўрардилар. Мактабда ўқиб юрган йилларимда отам менга кўк рангли қаттиқ муқовали “Хамса” совға қилдилар. Китобнинг бир бетида достон матни, нариги бетида байтларнинг насрий баёни берилганди. Отам ошналари билан ошни еб бўлгач, мени чақириб, “Хамса” ўқитарди. Сўзларни дона-дона қилиб, радиодаги сухандон акаларимизга ўхшатиб ўқиганим отамга ёқарди, шекилли, ҳар замонда “Шу ўғлим, Худо хоҳласа олим бўлади”, деб қўярди. Олим бўлиш-ку насиб этмади, аммо Ҳазрат Навоийга муҳаббат бир умрлик ҳамроҳимга айланиб қолди.

Талабалик пайтларим Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзов каби устозларимиз Ҳазрат Навоий ғазалларига басталаган дилрабо қўшиқларини эшитиб, кўнглимда улуғ шоирнинг бирор ғазалига чиройли куй басталаш иштиёқи туғилиб, сира тинчлик бермасди. Бир куни Ҳазрат Навоий китобидан “Истаганлар, бизни саҳрои балодан истангиз” мисраси билан бошланадиган ғазалини ўқиганим заҳотиёқ қулоғим тагида ғазалнинг оҳанги жаранглай бошлади. Шеърдаги кўп сўзларнинг маъносини тушунмаганим сабабли, устозларимдан сўрадим, аммо саволларимга кўпинча қониқарли жавоб ололмадим. Қаерда бир илм аҳлини учратсам, ғазалнинг маъноларини шарҳлашларини илтимос қилардим. Аста-секин байтлар замирида яширинган маъно хазиналари эшиги очила бошлади. “Хизмат кўрсатган артист” унвонини олганимдан кейин бу қўшиқни айтаман”, деб ният қилиб юрдим, кейинчалик бу фикримдан қайтдим. Навоий ҳазратларига хизмат қилмасдан туриб, унвон олиш қуруқ даъво эканлигини тушуниб етдим…

  – Навоий ғазалларига басталанган куй ва қўшиқлар миллий мусиқачилигимизда анча салмоқли. Аммо бу қўшиқларнинг ҳаммаси ҳам оммалашмайди. Бунинг сабаби нимада, деб ўйлайсиз?

– Саволингизга қисман юқорида жавоб бердим. Қишлоғимизда Мамажон ота деган зукко бир шинаванда бўларди. Яхши қўшиқни эшитиб қолса, “шу ашулани танаси бор”, деб мақтаб қоларди. Ўйлаб қарасам, шу гапда катта ҳикмат борга ўхшайди. Ҳар бир ғазалнинг ўз руҳи, залвори, жилоси бор. Ана шу руҳ, залвор ва жилога мос оҳанг топилсагина, қўшиқ бутун бўлади. Баъзида яхши куй, ажойиб ғазал ва чиройли овоз ҳам бир-бири билан қовушмай қолади. Шундай экан, тайёр оҳангга матн танлашда  масъулият билан ёндашиб, шеър ва оҳанг ўртасидаги руҳий уйғунликни таъминлайдиган нозик нуқталарини топиш ҳамда ижро пайтида буни тингловчига етказиш керак бўлади. Бунинг учун хонанда айтаётган ашуласининг мазмунини билиши, жиллақурса, ҳис этиши лозим.

– Сир эмаски, кўпчилик ёшларимиз Ҳазрат Навоий асарларини тушунмасликларидан шикоят қилишади. Навоийнинг сеҳрли-синоатли, тилсимларга тўла маънолар оламида сайр қилишнинг энг мақбул йўли, деб нимани назарда тутган бўлардингиз?

– Бу масалани тўғри тушуниш учун Ҳазрат Навоийнинг ҳаёт йўлига бир назар ташласак. Ўспиринлик даврида ёзган:

Оразинг ёпқоч, кўзумдин тўкулур ҳар лаҳза ёш,

Уйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғоч қуёш.

ғазалини эшитган Мавлоно Лутфий “Шу биргина байт учун бутун девонимни алмаштиришга тайёрман”, деган эканлар. Болалигидаёқ ўз замонасидаги расмий билимлардан ташқари, араб, форс ва туркий тилларда ёзилган энг сара шеърлардан 50 минг байт ёд олган истеъдодли инсонгина бундай фасоҳатли, гўзал ғазал ёзиши мумкин. Шундай экан,  Навоийни “оммалаштириш”дан кўра, оммани “Навоийлаштириш” ҳақида кўпроқ қайғурсак, тўғри бўларди. Киши то Навоий шеърларини кўнгил мулкига айлантирмаса, ёдлаш орқали уни қалбига муҳрламаса, Навоийнинг руҳият олами унга бегоналигича қолаверади.

Саволингизда “сир” сўзини ишлатдингиз. Биз сир деб, фақат бир гуруҳ одамлар билган, бошқалардан махфий тутилиши шарт бўлган маълумотни тушунамиз. Бир дўстимиз айтиб беришича, дилда ҳосил бўладиган, аммо тил уни ифодалашга ожиз бўлган туйғу, завқ ва ҳол ҳам ўтмишда “сир” деб аталаркан. Ҳазрат Навоийнинг ғазалини ёдлаб, хиргойи қилиб юрсангиз, кўнглингиз тил таърифлашга ожиз бўладиган сирлар маконига айланади. Шунда сиз Ҳазратнинг руҳият оламига ёвуқ келасиз, қалбингиз равшанлашади, сизни қуршаб турган муаммолар ўз-ўзидан аҳамиятсиз бўлиб, ботин оламингиз куч-қувватга тўлади.  Шунинг учун фарзандларимиз болалигидан бошлаб Ҳазрат Навоийнинг шеърларини тошга ўйилган нақшдек қалбга муҳрласа, кейинчалик бу хазина, албатта, ўз эшигини уларга очади. Такрор бўлса ҳам айтаман,  Ҳазрат Навоий, Мирзо Бобур, Махтумқули, халқ достонларини ўқитган отам шарофати билан мумтоз адабиётга, умуман, Сўз ва Созга муҳаббат руҳида вояга етдим.

– “Излангиз”, “Шириндур”, “Эй, дил”, “Не пўя”, “Аввалгиларга ўхшамас”, “Кема”, “Ошиқ бўлдум” каби ғазал ва мухаммасларга басталаган қўшиқларингиз миллий қўшиқчилигимизнинг олтин хазинасидан жой олган. Мухлисларни Навоий ғазаллари асосида яратилган яна қайси қўшиқлар билан хушнуд қиласиз?

– Мен Ҳазрат Навоийни деярли ҳар куни варақлайман. Ҳар сафар очганимда ундан янги бир ҳикмат топаман. Бу кишининг ғазаллари асосида яратилган, аммо эълон қилинмаган бир нечта қўшиғимиз бор. Вақт-соати билан бу қўшиқларни мухлисларга тақдим этиш ниятидамиз.

− Газетамиз муштарийларига тилагингиз?

− Ҳазрат Навоийнинг шундай байти бор:

Хушдурур боғи коинот гули,

Барчадин яхшироқ ҳаёт гули.

Ҳазрат Навоий таърифлаган “ҳаёт гули” – бу Инсон. Тириклик аталмиш бебаҳо неъмат қадрига етиб, бир-биримизнинг қадрлаш, тинч-тотув яшаб, одамларга фақат ва фақат эзгулик улашиш барчамизга насиб этсин!

“Бекажон” газетасидан олинди.