Ўзбекистонда янги темир йўл линияси қурилиши бошланди

Ўзбекистонда янги «Навоий—Конимех—Мискин» линиясини қуриш бўйича лойиҳанинг амалга оширилиши бошланди. Бу ҳақида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти матбуот хизмати тарқатди.

Янги линиянинг узунлиги 396,9 километрни ташкил қилади. Бу Ўзбекистондан шимолий йўналишда, хусусан Қозоғистон ва Россияга юк ташишга имкон беради.

Лойиҳа икки босқичда амалга оширилади. Лойиҳанинг биринчи босқичи 2016-2017 йилларда амалга оширилади ва темир йўл таркибларининг тепловозларда ҳаракатланиши учун “Навоий-Конимех-Мискин” темир йўл линиясининг қурилишини кўзда тутади.

Лойиҳанинг бу босқичи 283,1 млн долларни ташкил қилади ҳамда ички манбалар ҳисобига молиялаштирилади.

Иккинчи босқичда линияни электрлаштириш режалаштирилмоқда. Ушбу босқичнинг амалга оширилиши муддатлари ва қиймати кейинроқ белгиланади.

Хабарларда айтилишича, 2016-2017 йиллар лойиҳаси таркибига кирувчи “Навоий – Конимех – Мискин” темир йўл қурилиши линияси Тошкентдан Урганчгача бўлган масофанинг қисқаришига сабаб бўлиши кутилмоқда.

Электрлаштирилган темир йўлларда тезюрар поездлар ҳаракатланади. Электропоезд соатига юз кмдан зиёд йўл босиб Тошкент ва Урганч ўртасидаги 800 кмдан зиёд масофага 8 соатда бориш имкониятини пайдо қилади. Айни пайтда эса ушбу масофани 19 соатда босиб ўтиш мумкин.