Ўзбекистонда “Ҳамкорбанк”нинг чет эл валютасида операцияларни амалга ошириш амалиёти тўхтатиб қўйилди

Ўзбекистонда мустақилликнинг илк йилларида ташкил этилган “Ҳамкорбанк” акциядорлик тижорат банкининг юридик шахслар билан чет эл валютасида операцияларни амалга ошириш амалиётларини тўхтатиб қўйилди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки матбуот хизмати хабар берди.

“Ўзбекистон Республикаси Марказий банки “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунига асосан валютани тартибга солишга доир қонунчилик талабларини бузганлиги сабабли АТБ “Ҳамкорбанк»нинг юридик шахслар билан чет эл валютасида операцияларни амалга ошириш амалиётларини 6 ой муддатга тўхтатилганлигини маълум қилади”, дейилади хабарда.

Шуни айтиш керакки, “Ҳамкорбанк” 1991 йилда ташкил этилган бўлиб, банк акциядорлари орасида Халқаро молия корпорацияси (IFC) ва Голландия тараққиёт банки (FMО) ҳам бор.