Ўзбекистонлик Хуршид Бозоров Виржиния штатида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этди

Бруклинда яшовчи ўзбекистонлик Хуршид Бозоров йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этди. Бу ҳақида Америка оммавий ахборот воситалари хабар тарқатди. У Волво русумидаги юк машинасини ҳайдаб кетаётган бўлган.

Виржиния штати полициясига кўра, 30 яшар Хуршид Бозоров транспорт бошқарувини йўқотиши оқибатида йўл четига чиқиб кетади ва чекка тўсиққа урилиб, машина қулаб тушади. Хабарларда айтилишча, юк машинасида ҳеч қандай юк бўлмаган.

«Qalampir» нашри хабар тарқатишича, ҳайдовчи юк машинасини бошқариб кетаётган маҳал ухлаб қолган. Манбага кўра, Хуршид Бозоров 30 ёшда бўлган. У 3 нафар фарзанднинг отаси эди.

Бугун тонгдан бошлаб ижтимоий тармоқларда Хуршид Бозоровни таниган-танимаган ўзбекистонликлар унинг суратларини саҳифаларига жойлаб, оила аъзоларига ҳамдардлик билдиришмоқда. Марҳумнинг оила аъзоларига ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлган кўнгиллилар учун Хуршид Бозоровнинг турмуш ўртоғи Дилдора Остонованинг номига банк ҳисоб рақами очилган. Маълумотларга қараганда, Хуршид Бозоровнинг жасади 11 февраль куни Тошкентга олиб келинади.