Ўзбекистонлик чет тиллари ўқитувчилари Буюк Британияда малака ошириб қайтди

Ўзбекистонлик 42 нафар ўқитувчи шу йилнинг 8 — 22 январь кунлари Буюк Британиянинг нуфузли олий ўқув юртида малака ошириб қайтдилар. Бу ҳақида Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди.

Чет тили ўқитувчилари учун тил муҳитини яратиш, хорижий тилларни эгаллашнинг Европа тизими талаблари асосида ўқитишнинг замонавий услубларини ўрганиш учун 42 нафар чет тили ўқитувчиси Буюк Британиянинг “St. Mark & St. John” университетида хизмат сафарида бўлишди.

Машғулотлар Сара Эйчстон, Бренден Нобель, Жон Фриман, Майкл Холл, Кэти Салисбури, Кэси Пиклес каби университетнинг тажрибали мутахассислари ва профессорлари томонидан олиб борилди.

Тажриба алмашиш давомида ўзбекистонлик ўқитувчилар дарс ўтишнинг турли усулларини, жумладан кичик гуруҳларда ишлаш, ўқитишнинг коммуникацион методларидан фойдаланиш, муаммоли вазиятларда чет тилида мулоқотга киришиш усуллари иборалар ва ролли ўйинлар орқали ўргатилди.

Шунингдек, тажриба алмашиш давомида ўзбекистонлик инглиз тили ўқитувчилари Плимут шаҳридаги тил ўргатиш марказлари ва мактабларга сафар уюштириб, у ерда “Ўзбекистоннинг маданияти ва урф-одатлари”, “Таълим тизими” каби мавзуларда тақдимот қилдилар.

Ўқувлар якунида барча иштирокчиларга сертификатлар берилди ва улар Ватанига жуда катта билим, тажриба, ва методикаларни олиб қайтишди. Мазкур 42 нафар малака ошириб қайтган ўқитувчилар таянч мактаблар базасида чет тили ўқитувчилари учун жорий йилнинг март-декабрь ойларида ўтказиладиган ўқувларда тренер сифатида иштирок этадилар ҳамда чет элда олган билим ва кўникмаларини ҳамкасбларига ўргатадилар.

Халқ таълими вазирлиги чет тилини ўқитиш тизимига замонавий ва илғор тажрибаларни жорий этиш мақсадида келгусида бу каби ҳамкорлик алоқаларини давом эттиради.

SHARE