Ўзбекистон ва Россия меҳнат мигрантлари масаласида учрашув ўтказади

Ўзбекистон ва Россия 2016 йилнинг биринчи чорак1 якунига қадар Москвада учрашув ўтказмоқчи. Учрашувда меҳнат мигрантлари масаласи муҳокама қилинади. Бу ҳақида “Sputnik” сайти Ўзбекистон Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги меҳнатни муҳофаза қилиш инспекцияси раҳбари Ботир Шаҳриёровга таяниб маълум қилди.

Шаҳриёровнинг сўзларига қараганда, Россия ва Ўзбекистон мутахассислари айни вақтда Ўзбекистон фуқароларига Россия ҳудудида тўлақонли меҳнат фаолиятини амалга ошириш имконини берувчи лойиҳа устида иш олиб боришмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги келишув Россияга ташриф буюрувчи ўзбек мигрантларини ҳуқуқий кафолатлар билан таъминлаши кутилмоқда.

“Томонлар тайёрланаётган ҳужжатнинг дастлабки лойиҳаларини ўзаро алмашдилар. 2016 йилнинг биринчи чорагида Москвада вазирлар учрашуви бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бу учрашувда меҳнат миграцияси йўналишида ишлар қандай бораётгани муҳокама қилинади. Ушбу келишув Россияда фаолият юритувчи ўзбекистонликларни ижтимоий ва ҳуқуқий кафолатлар билан таъминлайди”, — таъкидлади Шаҳриёров.

Россия Федерал миграция хизмати маълумотига кўра, бугунги кунда Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари сони 1,8 миллиондан зиёд. Сўнгги бир неча ой давомида Россия иқтисодиётида юз берган инқироз туфайли меҳнат муҳожирлари сони кескин туша бошлаган. Ноябр ойида мамлакат ҳудудидаги ўзбек фуқаролари сони 1,9 миллионни ташкил қилган.