Ўзбекистон ва Финляндия коррупцияга оид ишлар бўйича ахборот алмашишни йўлга қўяди

2016 йилнинг 8 март куни Хельсинки шаҳрида Ўзбекистон делегациясининг Финляндияга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Финляндия Республикаси ўртасидаги иккиёқлама солиққа тортишга йўл қўймаслик ҳамда даромад солиқларини тўлашдан бош тортишнинг олдини олиш тўғрисида 1998 йил 9 апрелдаги Битимга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги Баённомани имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди.

“Ҳужжатни Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев ва Финландия Республикаси ташқи ишлар вазири Тимо Сойни имзоладилар”, дейилади хабарда.

Ушбу Баённома билан Битимга солиқ шаффофлиги халқаро стандартларига мос келувчи янги ўзгартиришлар киритилади.

“РИА Новости” ахборот агентлигининг хабар беришича, томонлар ушбу баённома қоидаларига мувофиқ коррупцияга оид ахборотлар алмашиши мумкин. Хусусан, агар зарурат бўлса, тарафлар банк сирига тааллуқли маълумотларни ҳам очиқлаши керак бўлади.

Баённома Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган стандартларга асосланади. Унга кўра, томонлар бирининг махсус сўровига биноан жиноят иши ёки молиявий фирибгарликларга оид ишлар доирасида маълумотлар тақдим қилиниши керак бўлади.