Ўзбекистон хорижий мутахассислар иштирокида умумтаълим мактаблари учун дарсликларнинг янги авлодини ишлаб чиқади

Ўзбекистон жорий йилда 2016—2020 йилларда умумтаълим мактаблари учун дарсликларнинг янги авлодини ишлаб чиқиш ва чоп эттириш дастури лойиҳасини тайёрлашни режалаштирмоқда.

Бу ҳақида “Sputnik” сайти хабар тарқатди. Янги дарсликларни яратишда жаҳоннинг илғор тажрибаларидан фойдаланилади. Бунинг учун ҳукумат тўрт мамлакат – Германия, Сингапур, Жанубий Корея ва Япониядан мутахассисларни таклиф этади. Қолаверса, таълим соҳасининг бошқа халқаро экспертлари ҳам жараёнга жалб этилади.

“Биз чет эл мутахассислари тажрибаларидан нафақат дарсликларни такомиллаштиришда, балки, янгича таълим стандартлари, дастурлари ва режаларини шакллантиришда ҳам фойдаланмоқчимиз. Янгиликни энг аввал аниқ ва табиий фанлар таълимотидан бошлаймиз”, – деди Бу Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги вакили.

Янги дастурга биноан, ғарбда аллақачон қўлланаётган комплекс ёндашув – махсус ўқув дафтарлари, мультимедиали иловалар, аудио- ва видеодарслар тайёрланмоқда. Ўқитувчилар учун мутаносиб ўзгаришлар кутилмоқда.

Асосий эътибор бошланғич синфлар дарсликларига қаратилиб, уларда кўпроқ расмлардан фойдаланилади. Лойиҳада иштрок этадиган болалар руҳшунослари сўзлардан кўра таъсирлироқ расмлар танлашга кўмаклашадилар.

2014-2015 ўқув йилида Ўзбекистонда 605 номдаги 34,5 миллион нусха китоб чоп этилиб умумтаълим мактабларига етказилган.  2015-2016 ўқув йилида яна 26 миллиондан ортиқ китоб нусхалари учун 54 миллиард сўм ажратиш режалаштирилган.