Ўзбекистон ШҲТнинг тинчлик миссияси ҳарбий машғулотларида иштирок этмайди

Қирғизистонда ШҲТга аъзо мамлакатлар ҳарбийлари иштирокида “Тинчлик миссияси —2016” ҳарбий машғулотларига тайёгарлик тадбирлари бўлиб ўтди. Бу ҳақида “Кабарлар” агентлиги хабар тарқатди.

Бишкекда ШҲТга аъзо мамлакатларнинг ҳарбий-тактик машғулотларга тайёргарлик кўриш бўйича иккинчи штаб музокаралари бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон вакиллари иштирок этишди. Музокараларда ҳарбий экспертлар амалий ҳаракатларнинг моҳияти ва ШҲТ “Тинчлик миссияси —2016” машғулотларида ҳар томонлама иштирок этиш масалалари муҳокама қилинди.

Штаб музокаралари натижасида ҳарбий делегация раҳбарлари томонидан якуний баённома имзоланди. Ҳарбий машғулотларга жалб қилинадиган шахсий таркибнинг умумий сони 1500 нафар ҳарбийни ташкил қилади. Ҳарбий ҳаракатлар машғулотлари учун 80 та ҳарбий техника жорий қилинади.

ШҲТнинг “Тинчлик миссияси —2016” ҳарбий машғулотлари шу йилнинг 5-13 сентябрь кунлари Қирғизистонда бўлиб ўтади.