ШҲТнинг Тошкент саммити дунёда кучлар нисбатини ўзгартирадими?

Бугун Ўзбекистонда оддий пистафуруш ёки такси ҳайдовчиси билан гаплашсангиз, албатта, суҳбатингиз ШҲТнинг Тошкентдаги саммитига бориб тақалади. Чунки мамлакат пойтахтида ушбу йирик анжуманни муносиб ўтказиш жуда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда, йўллар таъмирланмоқда, ободонлаштириш ишлари авжига чиққан. Ҳар куни ШҲТ саммити туфайли жорий қилинган тақиқ ва унинг асоссиз эканлиги ҳақидаги хабарлар интернет ва ижтимоий тармоқларнинг бош мавзусига айланган.

Тошкент саммити ШҲТ тарихида янги саҳифа очади

Бугун Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ташкил этилганига 15 йил тўлди. Мазкур халқаро тузилмага 2001 йил 15 июнда Ўзбекистон, Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон давлатлари томонидан асос солинган. ШҲТ айни пайтда сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар соҳаларда алоқаларни ривожлантириш, жаҳонда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

ШҲТ 18та мамлакатни бирлаштиради. Бу дунё аҳолисининг 44 фоизи демакдир. Бугунги кунда ШҲТнинг тенг ҳуқуқли аъзолари — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия ва Хитой.

Афғонистон, Белорусия, Ҳиндистон, Эрон, Мўғулистон ва Покистон мамлакатлари кузатувчи мақомига эга.

Мулоқот бўйича шерик мақоми эса Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия, Шри-Ланкага тақдим этилган. ШҲТнинг 15 йиллик саммити 23-24 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтади.

Тошкент саммити дунёда кучлар саммитини ўзгартирадими?

Тошкент саммитининг асосий янгиликларидан бири — Покистон ва Ҳиндистоннинг ушбу ташкилотга қабул қилиниши жараёни бошланишидир. Бунга ташкилотнинг ўтган йилги Уфа саммитида розилик берилган эди. Дастлабки маълумотларга кўра, саммит доирасида Ҳиндистон ва Покистоннинг мажбуриятлари тўғрисидаги ҳужжатнинг имзоланиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, маъмурий-молиявий ва бюджет масалаларидан ташқари ариза билан мурожаат қилган давлат ўзи мустақил белгилаши зарур бўлган яна бир жиҳат ҳам бор — бу ушбу мамлакатнинг ташкилот шартномавий-ҳуқуқий базасига қўшилишига кетадиган муддатни белгилашдир. Ҳозирча Покистон ҳам, Ҳиндистон ҳам жорий йилда тегишли тартиб-таомилларни якунлашни режалаштирмоқда.

Маълумки, Ҳиндистон ҳам, Покистон ҳам де-факто ядро қуролига эга мамлакатлар ҳисобланади. Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовнинг Уфада Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда ядро қуролига эга янги мамлакатларнинг ШҲТга аъзо бўлиши дунёда кучлар нисбатини ўзгартириб юборишини маълум қилган эди. “Бу қандай бўлади, қанча давом этади, ушбу икки давлатнинг аъзо бўлиб кириши қанча узоқ муддат давом этади. Ваҳоланки, бу икки мамлакат оддий давлат эмас, балки ядровий қуролга эга мамлакатлар ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан қараш керак. Эртага уларнинг ШҲТга аъзо бўлиб кириши нафақат сиёсий харитани ўзгартиради, балки, менинг фикримча, кучлар нисбатини ҳам ўзгартириб юборади. Шунинг учун ушбу позиция шунчаки оддий воқеа эмас. Бу борада маслаҳатлашишга зарурат бор”, деди Ислом Каримов.

Ўзбекистоннинг хавотири нимада?

Ўзбекистон раҳбариятининг ШҲТ истиқболи юзасидан позиция ва фикрлари таҳлили шуни кўрсатадики, ШҲТнинг учта йўналишдаги ривожланишини Ўзбекистон кўп ҳам маъқуллайвермайди.

Биринчиси, Ўзбекистон ШҲТнинг ҳарбий-сиёсий блокка айланиб кетишига қарши чиқиб келади. Президент Ислом Каримов ташкилотнинг Уфадаги саммитида ШҲТ доирасида турли блок бўлиб ўйлашдан қочиш кераклигини қайд этди. Ўзбекистон раҳбарига кўра, ташкилот ҳарбий-сиёсий ташкилотга ўхшаб қолмаслиги керак. Президент “ШҲТ фаолияти бошқа мамлакатларга қарши қаратилмаганлигини таъминлаш” эканлигини сақлаб қолиш кераклигини айтди. “Бошқача айтганда, оддийроқ айтганда, турли блоклашув фикрларнинг, шунингдек, ШҲТнинг ҳарбий-сиёсий блокка айланиб қолишининг олдини олиш лозим. ШҲТ ўз вақтида ташкил этилган мақсад ва принципларга риоя этиш ва уларни мустаҳкамлаш зарур”, деди Ислом Каримов. Бироқ, сўнгги йилларда Россиянинг Қримни қўшиб олиши билан боғлиқ воқеалар ташкилотнинг ғарб институтларига қарши қаратилган деган тасаввурларнинг пайдо бўлишига олиб келаяпти. Унга аъзо бўлишга интилаётган мамлакатлар орасида Ғарб билан муносабатлари у даражада яхши бўлмаган давлатлар борлиги ҳам буни исботлайди.

Иккинчиси, Ўзбекистон ШҲТ доирасида ташкил этилаётган турли ҳарбий машғулотларга ҳам эҳтиёткорлик билан қарайди. Тўғри, Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бери “биронта ўзбек аскари хорижий мамлакат тупроғига қадам қўймайди” тамойилига қатъий амал қилиб келади. Ўзбекистон ШҲТнинг тинчлик миссияси ҳарбий машғулотларида иштирок этмаслигининг сабаби ҳам шунда.

Учинчиси, ШҲТ доирасида қудратли (гегемон) давлатларнинг мустақиллигини аста-секин мустаҳкамлаб бораётган мамлакатлар манфаатлари билан ўзаро ҳисоблашишидир. Чунки улар сиёсий, иқтисодий жиҳатдан “кичик давлат”ларга жиддий таҳдид солиши мумкин. Масалан, Хитой томонидан ШҲТ доирасида Эркин савдо ҳудудини ташкил этиш таклифи илгари сурилган бўлиб, у 2020 йилда ишга тушиши керак эди. Аммо Ўзбекистон ШҲТ доирасида эркин савдо зонасини ташкил қилиш масаласини ишлаб чиқишга оид таклифни кўриб чиқишга тайёр эмаслигини маълум қилди. “Бундан олдин билдирилган баёнотлардан келиб чиқиб, шуни яна бир марта қайд этишни истардикки, Ўзбекистон Республикаси Ташкилотимиз доирасида эркин савдо зонасини ташкил қилиш масаласини ишлаб чиқишга оид таклифни кўриб чиқишга тайёр эмас. Ушбу йўналишдаги ҳамкорлик давлат раҳбарлари томонидан шу йилнинг июль ойида тасдиқланган ШҲТни 2025 йилга қадар ривожлантириш стратегиясида қайд этилмаган эди”, деди Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов Чженчжоу шаҳрида (Хитой) бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар Ҳукумат раҳбарлари (бош вазирлар) кенгашининг 14-мажлисида.

Хулоса:

Албатта, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти минтақада умумий чегарага эга давлатлар ўртасида савдо, транспорт, гуманитар, хавфсизлик соҳасида ҳамкорликнинг янада кенгайишига йўл очади. Ҳиндистон ва Покистоннинг унга аъзо бўлиб кириши ташкилот нуфузини оширса оширадики, асло туширмайди.

Мурод ҒОФУРОВ

SHARE