Қашқадарёда Амир Темур қурдирган кўприк реконструкция қилинди

    Қарши шаҳрида тубдан қайта реконструкция қилинган Амир Темур кўприги ва унинг атрофида барпо этилган гўзал хиёбон фойдаланишга топширилди. Бу ҳақида ЎзА хабар тарқатди.

    Хабарда айтилишича, буюк Амир Темур томонидан барпо этилган мазкур кўприкнинг Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрами арафасида тубдан реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилганида ҳам чуқур рамзий маъно мужассам.

    Бу тарихий кўприк қадимда Қашқадарё дарёсининг икки қирғоғини ўзаро боғлаб, халқаро ижтимоий-иқтисодий алоқаларга восита бўлган. Ўрта асрларда Насаф орқали Эрон ва Ҳиндистонни Европа билан боғлаган муҳим карвон йўллари ўтган. Шу боис бу воҳа асрлар давомида гуллаб-яшнаган. Олим ва сайёҳ Герман Вамберининг ёзишича, 1860-йилларда Қарши шаҳрида 10 карвонсарой, катта бозор, шаҳар аҳолиси дам оладиган боғ бўлган. У бундай боғни бошқа юртларда учратмаганини алоҳида қайд этган. Бугун ўша тарихий боғ ҳам қайта тикланди.

    Амир Темур кўприги замонавий талаблар асосида қайта барпо этилди. Қашқадарё дарёсида учта тўғон қурилди. Қирғоқ бўйидаги эски бинолар ўрнида гўзал хиёбон бунёд этилди. Дарё соҳили бўйлаб кемалар тўхтайдиган тўртта жой қурилиб, ёритиш устунлари ўрнатилди. 51 катамаран, 2 туристик катер ва 4 аттракцион келтирилди. Дарё қирғоғи бўйлаб 14 коттеж, 4 кафе-бар, болалар майдончалари, 4 сунъий қопламали спорт майдончаси барпо этилди.

    4 километр ичимлик суви, 4,2 километр канализация, 29,3 километр электр тармоғи тортилди. 144,8 минг квадрат метр майдонни суғоришга мўлжалланган ускуналар ўрнатилиб, хиёбон тўлиқ кўкаламзорлаштирилди. 4 мингдан ортиқ манзарали дарахт ва буталар экилиб, қарийб 68 минг квадрат метр майдонга брусчатка ётқизилди.

    Кўприк ва унинг атрофида барпо этилган кўркам сайилгоҳ нафақат мамлакатимиз аҳолиси, балки чет эллик сайёҳларнинг ҳам севимли масканига айланади.