Нью-Йоркда теракт содир этилди, гумондор ўзбекистонлик бўлиши мумкин

31 октябрь кундузи Нью-Йоркнинг Манхэттен туманида юк машинасини бошқараётган ҳайдовчи велосипедлар йўлкасига чиқиб, бир неча кўча ўтиб, йўлида учраганларни босиб кетган ва сўнг отишма содир этган. Маълум қилинишича, босқинчи пейнтбол ва пневматик тўппонча билан қуролланган бўлган.

Охирги маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида 8 одам ҳалок бўлган ва турли маълумотларга кўра 10 нафардан 15 нафаргача одам жароҳат олган.

Гувоҳларнинг айтишларича, юк машинаси аввал одамларни босиб, сўнгра мактаб автобусига бориб урилган. Воқеа жойига етиб келган полиция босқинчини қўлга олишга муваффақ бўлган. Ҳайдовчи жароҳатланган, у ҳозирда касалхонада.

CBS маълумотларига кўра, ҳужум теракт сифатида тергов қилинмоқда. Айрим тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ҳайдовчи келиб чиқиши ўзбекистонлик Сойипов Сайфулла бўлиши мумкин. У АҚШга 2010 йилда келган, Флориданинг Тампа шаҳрида истиқомат қилган. Бу маълумот расман тасдиқлангани йўқ.

SHARE