Ўзбекистон ҳукумати пахта терим нархини 800 сўмгача оширди

    Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 октябрдаги қарори билан 2017 йил ҳосили учун қўлда терилган пахтага тўлов ва пахта хом ашёси харид нархлари бўйича янги тариф ставкалари тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

    Унга кўра, 17 октябрдан теримчилар учун қўлда терилган пахта хом ашёсининг 1 килограмми учун тўлов 700 сўмгача оширилди (биричи босқичда 450 сўм, 1.10.2017 йилдан эса – 500 сўм эди).

    Тошкент вилояти, шунингдек Қашқадарё вилоятининг Миришкор, Нишон, Косон ва Касби туманлари теримчиларига терилган пахта хом ашёсининг ҳар бир килограмми учун 100 сўм миқдорида устама белгиланди. Жиззах ва Сирдарё вилоятлари теримчилари учун ҳам худди шундай устамалар қўлланилади.

    2017 йил ҳосили қўлда терилган ва машинада терилган пахта хом ашёсининг харид нархлари ҳам ошди. Масалан, агарда жорий йилнинг сентябрида тасдиқланган нархлар бўйича узун толали 1-синфдаги пахта хом ашёсининг 1 тоннаси 3 000 740 сўм турган бўлса, ҳозирда эса – 3 352 570 сўм. Яъни пахтанинг ушбу навига нарх ўртача 11,7 фоизга ошди. 2016 йил билан таққослаганда эса (бир тонна учун 2 143 350 сўм) – 56,4 фоизга.