Қирғизистонда президент сайлови: “Демократия ороли”да демократия хавф остидами?

15 октябрь куни Марказий Осиёдаги кичик тоғли мамлакат — Қирғизистонда Президент сайлови бўлиб ўтмоқда. Қирғизистонликлар ўз тарихида бешинчи, охирги инқилобдан кейинги учинчи президентни сайлаб олишлари керак.

Мамлакат конституциясига кўра, Қирғизистон президенти олти йил муддатга фақат бир марта сайланади. Мамлакатда 3 миллион 26 минг нафарга яқин сайловчи овоз бериш ҳуқуқига эга. Сайловчиларнинг 38 фоизи Ўш ва Жалолобод вилоятларида рўйхатдан ўтган.

Сооронбай Жээнбеков

Сайловда 11 нафар номзод иштирок этаётган бўлса-да, асосий кураш Сооронбай Жээнбеков, Омурбек Бабанов ўртасида кечмоқда. Иккала номзод ҳам илгари бош вазир бўлган. Сооронбай Жээнбеков Алмазбек Атамбоевнинг партияси — социал-демократлар партиясидан, Омурбек Бабанов эса “Республика” партиясидан иштирок этмоқда. Иккала номзод ҳам Атамбоев олиб борган сиёсатни давом эттиришини таъкидлаган.

Маҳаллий ва хорижлик кузатувчиларнинг қайд этишича, жорий сайлов “қора пиар” ҳаддан ташқари кўп ишлатилган сайлов кампанияси сифатида ҳам ёдда қолмоқда. Гарчи сайловда Сооронбай Жээнбеков ва Омурбек Бабанов кураш олиб бораётган бўлса-да, Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев Сооронбай Жээнбековни очиқчасига қўллаб, унинг рақибларини аёвсиз қораламоқда. Масала шу даражага етиб бордики, Қирғизистон минтақа учун қўшимча бошоғриқларни келтириб чиқди.

Омурбек Бабанов

Қўшнилар учун қулай номзод ким?

Қирғизистон президенти сайлови кампаниясида иккита асосий масала, Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка давлат ташрифи ҳамда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг шу йил 19 сентябрь куни Олмаотада президентликка номзодлардан бири Омурбек Бабанов билан учрашгани бўлди. Сооронбай Жээнбеков сайлов штаби Шавкат Мирзиёевнинг ташрифида эришилган давлат чегаралари тўғрисидаги битим, шу жумладан, чегаралар очилишини ўзбеклар овозини олиш учун ишлатган бўлса, Қозоғистон президентининг Бабанов билан учрашувини “ташқи кучларнинг мамлакат ички сиёсати”га аралашуви сифатида баҳолади. Сооронбай Жээнбеков сайлов кампанияси суст кетаётганини яхши англаган Алмазбек Атамбоев барча истиҳолаю, дипломатияни йиғиштириб қўйиб, жайдаричасига айбловларни бошлади.

Аввалига шу йилнинг 7 октбярь куни давлат мукофотларини топшираётган куни Қозоғистон президенти Нурсултон Абишевичга очиқчасига ҳужум қилди. Унинг айтишича, Қозоғистон ҳукумати ўз қарашларини ўтказишни истамоқда. Қозоқлар Бакиевни яхши кўрадилар. Бакиевлар Қозоғистонда ҳалигача байрам кунларини нишонлашади. “Мен ҳатто Қозоғистондаги энг юқори мансабли шахслардан Бакиевлар одамларни ўққа тутиб, тўғри иш қилгани ҳақидаги гапларни эшитдим. Сабаби биз қозоқ халқига ёмон намуна бўлмоқдамиз. Нурсултон Назарбоев Қозоғистоннинг ялпи ички маҳсулоти Қирғизистонга қараганда 8 баробар кўп эканини айтиб, тўғри гапирди. Қозоғистоннинг даромадлардаги ўртача ялпи маҳсулоти Қирғизистондан 10 баробарга ортиқдир. Нега унда Қозоғистонда пенсиялар бу қадар юқори эмас ва тарифлар 5 баробарга қиммат? Чунки Қозоғистон ҳукумати ўғирламоқда. Биз ҳам ёмон мисол бўлмоқдамиз, Атамбоев ёмон мисолдир”, — деди А.Атамбоев.

“Назарбоевнинг бизга ёш президент келиши кераклиги ҳақидаги сўзларини қўллаб-қувватлайман. Бироқ, биздаги энг ёши катта номзод ҳам Назарбоевдан 20 ёшга кичикдир. Мен эса – 16 ёшга. Ва ким ёш президентга муҳтож? Бизми ёки Қозоғистон?” — деди А. Атамбоев.

Кейинчалик Time журналига берган интервьюсида Қозоғистонни аниқ айтмаса-да, яна айблов билан чиқди. “Баъзи давлатлар ўзларини республика деб аташади, лекин аслида авторитар ва диктаторликдир, у ерда адолат йўқ ҳамда бой ва камбағаллар ўртасида катта ижтимоий фарқлар мавжуд. Бундай вазиятларда оддий одамлар ҳокимиятни демократик йўл билан ўзгартириш имкониятига эга бўлмайди ва радикал ғоялар ҳукмронлик қила бошлайди”, — дея таъкидлаб ўтди Алмазбек Атамбоев.

Қозоғистон тарафи эса ўз навбатида барча айбловларни рад этди. Мамлакат бош вазири Боқижон Соқинтаев махсус баёнот билан чиқиб, Қирғизистон президенти Атамбоевнинг бундай баёнотларига қарамай, Қозоғистон ҳукумати ўзаро стратегик шерикликни бундан кейин ҳам чуқурлаштириш ва кенгайтириш ниятида эканлигини билдирди.

У, шунингдек, Қирғизистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириши доирасида Қозоғистон президенти томонидан 100 млн. АҚШ доллари миқдоридаги техник ёрдам тақдим этиш ҳақида қарор қабул қилинганини қайд этди. Гуманитар соҳада эса Қирғизистонга 20 млн. АҚШ долларидан кўпроқ маблағ ажратилди, Бишкек ва Ўшда иккита мактаб қуриб берилди. Мамлакатга қозоқ сармоялари ҳажми 820 млн. долларни ташкил этди. Айнан улар туфайли минглаб қирғизлар иш ўринларига эга эканлигини билдирди.

Экспертларнинг фикрича, қозоқ бизнеси ҳақиқатан ҳам Қирғизистонда катта имкониятларга эга бўлиб, улар мамлакатдаги сиёсий жараёнларга доим катта таъсир кўрсатиб келган. Атамбоев шунинг учун Бабанов ва Сариевлар (президентликка номзодлар)ни қозоқ олигархлари ноғорасига ўйнашида айблади.

Бундай даҳанаки жанглар, ўз навбатида, икки томонлама муносабатларни янада ёмонлаштирди. Жумладан, қирғиз-қозоқ чегарасидан ўтишда текшириш кучайтирилди, юк ва енгил машиналар ҳамда фуқароларнинг узундан-узун навбати юзага келди, одамлар соатлаб кутишга мажбур бўлишди. Танглик тобора кенгайиб борди ва халқаро миқёсга чиқди.

Гап шундаки, шу йилнинг 10-11 октябрь кунлари Сочида МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши ҳамда Евроосиё Олий иқтисодий кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев МДҲ давлатлари раҳбарларининг Сочи шаҳрида бўлиб ўтадиган йиғилишига ташрифини бекор қилди. Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, “президент алоҳида сиёсатчилар томонидан жиноятчиларни жалб этган ҳолда, шунингдек, бундай сиёсатчиларни хориждан молиявий қўллаб-қувватлаш орқали сайловлар кунида оммавий тартибсизликларни келтириб чиқаришга тайёргарлик кўришга оид далиллар аниқлангани туфайли ўзининг амалий ташрифини бекор қилишга қарор қилди. У мамлакатдаги тартиб ва хавфсизликни шахсан назорат қилмоқчи”.

Аммо Россиянинг “Регнум” ахборот агентлиги ёзишича, айнан Кремлдан келган телеграммада Атамбоевнинг Сочига ташриф буюриши мақсадга мувофиқ эмаслиги қайд этилган. Хуллас, Сочига янги тайинланган, популистик ҳаракатларни яхши кўрадиган бош вазир Сапар Исаков юборилди. Уни на Путин қабул қилди, на кенгашлар мажлисларида нутқ сўзлаш имконини беришди.

Сапар Исаков ва Нурсултон Назарбоев

Сапар Исаков давлат раҳбарлари юрган пайтда Қозоғистон президенти ёнига келиб, суратга тушади ҳамда Нурсултон Назарбоев билан музокара ўтказгани ҳамда чегарада блокадани бекор қилиш бўйича тегишли шахсларга кўрсатма берилганини ўзининг фейсбукдаги саҳифасида маълум қилди. Аммо Оқўрда матбуот хизмати бу хабарни рад этиб, ҳеч қанақа музокара ўтказилмаганини, балки тегишли идораларга вазиятни ўрганиш топширилганини маълум қилди. Қолаверса, Сочи музокаралари якуни бўйича Назарбоев оммавий ахборот воситалари вакиллари саволларига жавоб берар экан, Қирғизистон тарафининг айбловларини “чўпчак” деб атади.

Путин Атамбоев номзодини “реклама қилмади”

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, сайлов кампанияси давомида Россия расмийлари ҳеч бир номзод бўйича бирор баёнот ёки фикрни очиқламади. Айрим манбаларда келтирилишича, бу борада қатъий кўрсатма берилган. Атамбоев шу йилнинг июнь ойида Россияга ташрифи давомида Владимир Путин билан “расмий хайрлашган”. Бироқ, мамлакатда Бабановнинг сайлов кампанияси муваффақиятга эришаётганини кўриб, Россия президенти Владимир Путин билан учрашишни сўраган. 14 сентябрь куни Атамбоев Сочига боради ва Владимир Путин билан учрашади. Ўшанда у Путиндан унинг “номзоди”ни қўллаб-қувватлашни сўрайди. Аммо Россия раҳбари уни манипуляция қилишларини истамайди ва Атамбоев аниқ бир натижага эриша олмайди.

Ўзбекистон учун иккала номзод  ҳам маъқул

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи, қолаверса, Алмазбек Атамбоевнинг Тошкентга ташрифида эришилган натижалар, давлат чегаралари тўғрисидаги битим, чегара ўтказиш пунктларининг очилиши сайлов кампаниясида кенг фойдаланилган бўлса-да, Ўзбекистон бирор-бир номзод ҳақида ўз хайрихоҳлигини билдиргани йўқ. Шавкат Мирзиёев “донишманд қирғиз халқи муносиб раҳбарни сайлайди. Ўтган йиллар давомида Алмазбек Шаршенович раҳбарлигида жуда кўп иш қилинди. Энг муҳими, бу Қирғизистонда тинчлик ва осойишталик ҳукм сураяпти, одамларда эртанги кунга ишонч бор. Мен мана шу муҳит сақланиб қолинишини жуда истайман”, деди.

Омурбек Бабанов ва Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев асосий иккала номзод — Сооронбай Жээнбеков, Омурбек Бабанов билан учрашган. Хусусан, шу йилнинг сентябрь ойида Қирғиз парламенти раҳбари ва сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари билан мулоқотда Бабанов билан ҳам фикр алмашди. “Сиз ҳақингизда эшитганмиз”, деган эди Шавкат Мирзиёев Бабанов билан сўрашаётганда.

Бабанов ўша учрашув ҳақида гапирар экан, шундай деган эди: Ўзбекистон президентининг давлат ташрифи Қирғизистон, бутун қирғиз халқи учун жуда муҳим, тарихий аҳамиятга эга. Бугун президент билан учрашувда менга унинг очиқ, прагматик ҳамда ўзбекистонликлар ва қирғизистонликлар ҳаётини енгиллаштирадиган реал тадбирлари маъқул келди. “Чегара, чегарадан фуқароларнинг ўтиши билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Мен чегарадаги барча чекловларни олиб ташлаш масаласини кўтардим. Президент томонидан бу қўллаб-қувватланди ва бу нарсаларни биз муҳокама қиламиз, деди. Ўзбекистон раҳбари йўллаётган аниқ мақсад шундаки, биз биродар халқмиз, биз дўст-иноқ яшашимиз ва максималь даражада ҳамкорлик қилишимиз керак. Дўстларни узоқ хориж мамлакатларидан излаш керак эмас, биз шу ердамиз. Келинглар, оддий одамлар ҳаёти яхши бўлиши учун чегараларни очайлик”, деган эди.

Шу маънода айтганда, Ўзбекистон Қирғизистонда ҳокимиятга келадиган ҳар қайси президент билан ишлаш учун барча асосларга эга. Муҳими, сайловнинг тинч-осойишта, Қирғизистонда сиёсий барқарорлик сақланиб қолиши жуда муҳимдир.

Умуман, Қирғизистонда президент сайлови кампанияси демократиянинг энг ижобий унсурларини ўзида намойиш этди. Албатта, демократия ожиз қоладиган масалалар ҳам йўқ эмас. Лекин қирғиз халқи бу синовдан ҳам эсон-омон ўтиб, нафақат тинчлигини, айни пайтда демократиясини ҳам сақлай билади.

Сайловнинг дастлабки натижалари 16 октябрь куни, якуний натижалари эса 4 ноябргача эълон қилиниши керак. Амалдаги президентнинг ваколатлари 1 декабрь куни тугайди, янги президент эса 7 декабрь куни қасамёд қилиши лозим (агар иккинчи турга эҳтиёж туғилмаса).

Мурод ҒОФУРОВ