Шавкат Мирзиёев: “Ўзбекистон АҚШдаги терактни тергов қилишда кўмаклашишга тайёр”

    Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркдаги терак муносабати билан АҚШ Президенти Дональд Трампга ҳамдардлик йўллади. Мактуб матни ТИВ матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

    «Ушбу шафқатсиз жиноятни ҳеч қандай йўл билан оқлаб бўлмайди. Биз экстремизм ва терроризмнинг ҳар қандай шакли ва кўринишини қаттиқ қоралаймиз», — деб ёзади Ўзбекистон Президенти.

    Gazeta.uz сайтида ёзилишича, Президент содир бўлган фожиа бу каби ноинсоний замонавий таҳдидларга қарши курашда халқаро ҳамжамиятнинг барча кучларини бирлаштириш зарурлигини яна бир тасдиқлашини таъкидлаб ўтди.

    «Ўзбекистон ўз томонидан мазкур террористик актни тергов қилишда кўмаклашиш учун барча куч ва воситаларни ишга солишга тайёр», — дейилади Шавкат Мирзиёев мактубида.

    Давлат раҳбари Америка Қўшма Штатлари халқига ҳар томонлама бирдамлик ҳиссини изҳор этиб, ҳалок бўлганларнинг қариндошлари ва яқинларига ҳамдардлик сўзларини билдирди ҳамда барча жароҳат олганларга тез орада соғайиб кетишларини тилади.