Ўзбекистон аҳолиси 32,5 миллион нафардан ошди

    2017 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, республика доимий аҳолисининг сони 32 миллион  511,9 минг кишини ташкил этди. Бу ҳақидаДавлат статистика қўмитаси ҳисоботида маълум қилинди.

    Жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида туғилганлар сони 523,6 минг кишини ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига (532,4 минг киши) нисбатан 8,8 минг кишига камайди, шунга мос равишда туғилиш коэффициенти 21,7 промиллени ташкил қилди.

    Туғилиш коэффициентининг сезиларли камайиши Хоразм (20,7 промилледан 19,5 промиллегача), Бухоро (20,6 дан 19,5 гача), Фарғона (21,9 дан 20,8 гача) Тошкент (20,2 дан 19,2 гача), Қашқадарё (24,7 дан 23,8 гача), Наманган (23,5 дан 22,6 гача), Андижон (22,9 дан 22,1 гача) Навоий (22,3 дан 21,7 гача) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси (20,7 дан 19,5 гача) ҳиссасига тўғри келади.

    2017 йилнинг январь–сентябрь ойларида вафот этганлар сони 116,9 минг кишини ташкил қилди ва 2016 йилнинг шу даврига (108,9 минг киши) нисбатан 8,0 минг кишига кўпайди, мос равишда ўлим коэффициенти 4,8 промиллени ташкил қилди (ўтган йил 9 ойида – 4,6 промилле бўлган).

    Ўлим коэффициентининг сезиларли ўсиши Андижон (4,8 дан 5,3 промиллегача), Наманган (4,3 дан 4,8 ), Жиззах (3,9 дан 4,3), Сурхондарё (4,0 дан 4,4), Фарғона (4,5 дан 4,9), Қашқадарё (3,8 дан 4,1 ), Навоий (4,5 дан 4,7), Сирдарё (4,7 дан 4,9), Хоразм (4,3 дан 4,5) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси (4,4 дан 4,6) ҳиссасига тўғри келади. Ўлим даражасининг энг паст кўрсаткичи Қашқадарё (4,1 промилле), Бухоро (4,3 промилле), Жиззах (4,3) ва Самарқанд (4,3) вилоятлари ҳиссасига тўғри келди.

    Вафот этганлар умумий сонидан 60,5 фоизи қон айланиш тизими касалликларидан, 9.2 фоизи – ўсма касалликларидан, 6,2 фоизи – бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатлардан, 5,6 фоизи – овқат ҳазм қилиш органлари касалликларидан, 4,9 фоизи – нафас олиш органлари касалликларидан, 1,7 фоизи – инфекцион ва паразитар касалликларидан, 11,9 фоизи – бошқа касалликлардан вафот этган.

    Шунингдек, ҳисоботга оналар ўлими, никоҳлар ва ажралишлар, миграция даражаси каби маълумотлар киритилган.