Жанубий Кореяда 30 минг нафар ортиқ ўзбекистонлик ноқонуний ишламоқда

    Айна дамда Жанубий Корея Руспубликасида 55 минг нафар ўзбекистонлик мухожирлар истиқомат қилмоқда. Уларнинг 17 мингга яқини Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан кетган бўлса, қолган 30 минг нафари нолегал равишда у ерда ишлаб келмоқда. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги  20 ноябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

    Шу йилнинг 13 ноябрь санасида Жанубий Кореяга ишлаш учун кетишни истаганларга тест синовлари бошланган эди. Бугунги кунгача 1750 нафардан ортиқ фуқаро тест синовларидан ўтган.

    Агентликнинг маълум қилишича, тест синовларига онлайн тарзда ёзилиш керак, бу эса жуда осон рўйхатдан ўтиш тизимидир. Хатто смартфонлар орқали ҳам рўйхатдан ўтиш мумкин. Лекин, шунга қарамасдан одамлар фирибгарларнинг тузоғига илиниб қолмоқда. “Жанубий Кореяга тест синовларидан ўтишга рўйхатга оламиз”, деб 24 АҚШ доларидан пул йиғаётган фирибгарларнинг борлиги ҳам аниқланган. Комплекс тест маркази раҳбарияти одамлардан шахсан ўзлари онлайн рўйхатдан ўтишларини илтимос қилмоқда. Шунингдек, корейс тили имтиҳонларига фуқароларнинг шахсан ўзлари келишларини ва “шпаргалка” сиз қатнашишларини сўрамоқдалар. Шу кунгача рўйхатдан ўтган шахснинг ўрнига бошқа кишининг келган холатлари кузатилаётгани айтилди.

    Бир кунда комплекс тест марказида 320 нафар киши тест синовини топширмоқда. Жанубий Кореяга кетишни истовчилар орасида ёшларнинг кўплиги ва асосан Сурхандарё ва Қашқадарё вилоятларидан кўпчилик қатнашаётгани маълум қилинди. Бироқ, комплекс тест маркази бу борада аниқ тахлилларни ҳали олиб бормаган.

    Ўзбекистондан Жанубий Кореяга меҳнат мигрантларини жўнатиш 21 йил аввал йўлга қўйилган бўлиб, 2007 йилда ўзаро меморандум имзоланган. Шу вақтгача хатто стадионларда ҳам Жанубий Кореяга иш истаб кетувчиларни рўйхатдан ўтказиш амалга оширилган. Бугунги кунда бу ckt.uz интернет портали орқали амалга оширилмоқда.

    SHARE