Ўзбекистон ҳукумати таркибида катта ўзгаришлар юз берди

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси таркибига ва тузилмасига ўзгартиришлар киритилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 27 ноябрдаги қарорига мувофиқ, Бош вазирнинг яна иккита ўринбосари лавозими жорий қилинди.

    Газета.uz сайтининг ёзишича, Бош вазир ўринбосарлари сони олтидан саккизтага кўпайтирилди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Инвестициялар, инновацион ривожланиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплексининг раҳбари этиб Сухроб Холмуродов тайинланди.

    Жорий йилнинг март ойидан у Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкини бошқариб келаётган эди. Комплекс раҳбари янги ташкил қилинаётган Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Инновацион тараққиёт ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасини назорат қилади.

    Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров эса айни пайтда молия вазири этиб тайинланди. У Макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаштириш, молиявий ва банк тизимини ислоҳ қилиш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш комплексига раҳбар қилади.

    Собиқ молия вазири Ботир Хўжаев эса иқтисодиёт вазири этиб тайинланган. Бу лавозимда 2011 йилдан бери Галина Саидова ишлаб келаётган эди.

    Бундан ташқари, Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплекси ташкил этилди. Ушбу тузилмага ким раҳбарлик қилиши номаълум.

    Бош вазир ўринбосари Зоир Мирзаев раҳбарлик қиладиган Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари комплекси, Нодир Отажоновнинг комплекси эса Ташқи савдо фаолияти, экспорт салоҳияти, машинасозлик, автомобиль ва электротехника, мудофаа, пахтани қайта ишлаш ва енгил саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплекси деб ўзгартирилди.

    SHARE