Ўзбекистон — Марказий Осиёнинг истиқболли агробозори

Шариф Аҳмедов, Нидерландия

Шу пайтга қадар чекланган даражада бўлган Нидердандия ва Ўзбекистон муносабатларида сўнгги вақтларда фаоллашув рўй бераётгани кузатилмоқда.

Нидерландиянинг Барнефелд шаҳрида яқинда бўлиб ўтган халқаро бизнес фестивали доирасида “Ўзбекистон: Марказий Осиёнинг истиқболли агробозори” мавзусида махсус тадбир бўлиб ўтган. Тадбир давомида дунёга очилиб келаётган Ўзбекистондаги сўнгги ўзгариш ва бизнес юритишдаги имкониятлар мубоҳаса этилган.

Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллаган қишлоқ хўжалигисоҳаси хом-ашё етиштиришда улкан имкониятларга эга экани билан бир қаторда, аҳолиси 32 миллионли бу мамлакат минтақадаги энг йирик истеъмол бозори ҳам экани урғуланди.

Ўзбекистонда бошланган қатор йўналишлардаги ислоҳотлар, хусусан, ўзбек сўмининг эркин айирбошланиши Нидерландия қишлоқ хўжалик ширкатлари учун бу мамлакатда шароит ва имкониятлар очиши айтилди.

Нидерландия ишбилармон доиралари ўзлари учун нисбатан янги ва қизиқарли ушбу йирик бозорга фурсатни бой бермасдан кириб боришлари бизнес юритиш соҳасида яқин келажакда минтақанинг етакчи мамлакатига айланажак Ўзбекистонда ўз ўрнига эга бўлишларига имкон бериши таъкидланди.

Нидерландия иқтисодиёт вазирлиги воизи Франс Недерстихтга кўра, ўзаро муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш масаласи Нидерландиянинг Москвадаги элчихонаси ташаббуси билан ўтган йил июнь ойида бир гуруҳ йирик ишбилармонларнинг Ўзбекистонга қилган сафаридан сўнг янада ойдинлашган. Сафар давомида Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги соҳасидагиривожланиш имкониятлари муфассал ўрганилиб, зарурий бизнес алоқалари ўрнатилган. Ўзбекистон расмийлари ушбу ташаббусни юқори баҳолади, дейди мулозим.

Ўзбекистон агросаноатининг асоси бўлиб келаётган пахтадан аста-секин бошқа йўналишга, хусусан, экспортга мўлжалланган мева-сабзавот етиштиришга ўтишистиқболлари голланд ширкатлари учун кенг имкониятлар очади. Жумладан, ўзбек фермерларига юқори сифатли уруғлар етказиб бериш, суғориш технологияси ва тупроқ сифатини яхшилаш, замонавий иссиқхоналар қуриш ҳамда мева-сабзавотларни қайта ишлаш йўналишидагиўзаро ҳамкорлик яқин орада янги босқичга кўтарилиши кутилмоқда.

Ҳудуди мўъжазгина бўлишига қарамасдан, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти бўйича жаҳонда етакчи мамлакатлардан бўлган Нидерландия шу тариқа Ўзбекистонни минтақадаги бўлғуси йирик ҳамкор сифатида кўра бошлаётган экан, келгуси йил Тошкентда бўлиб ўтадиганнавбатдаги халқаро ярмарка– AgroWorld-2018да ҳам голландиялик тадбиркорлар фаол иштирок этишлари кутилмоқда.

 

SHARE