Ўзбекистон Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур қадамжоларини ободонлаштиради

Ўзбекистон Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур қадамжоларини қайта тиклайди. Бу ҳақида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон Президенти Ашраф Ғани билан ўтказилган музокаралар якуни бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари учун берган баёнотида маълум қилинган.

“Афғонистонликлар учун ўзбек тилини ўргатиш, темир йўл ҳамда бошқа соҳалар мутахассисларини тайёрлаш мақсадида Сурхондарё вилоятида махсус таълим марказини ташкил этдик. Афғонистон фуқаролари учун барча зарур шароитлар яратдик”, деди Президент.

Афғонистон учун керак бўлган мутахассислар Ўзбекистон олий ўқув юртларида ўқитиб берилади.

Шунингдек, Термиз шаҳридаги ихтисослашган шифохонада Афғонистон фуқароларига тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар яратилди.

“Умумий маданий меросимиз рамзи бўлган Абу Райҳон Беруний (Ғазнада), Алишер Навоий (Ҳиротда), Заҳириддин Муҳаммад Бобур (Кобулда) каби буюк сиймолар қадамжоларини биргаликда қайта тиклаш, таъмирлаш ва ободонлаштириш бўйича ҳам келишиб олдик”, деди Президент.

SHARE