Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов Дональд Трампга ишонч ёрлиғини топширди

    Ўзбекистон Республикасининг Америка Қўшма Штатларидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жавлон Ваҳобов АҚШ президенти Дональд Трампга ишонч ёрлиғини топширди. Ишонч ёрлиғини топшириш Оқ уйда бўлиб ўтди.

    Бу ҳақида “Жаҳон” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

    Элчи билан суҳбатда Дональд Трамп Ўзбекистонда охирги йилда амалга оширилган саъй-ҳаракатлар “республиканинг реал ислоҳотларни рўёбга чиқаришга қатъий қарор қилганидан далолатдир”, деди. Унинг айтишича, Ўзбекистон томонидан ташланган муҳим қадамлар, шу жумладан, миллий валюта конвертацияси таъминлангани мамлакатнинг хорижий инвесторлар учун жозибадорлигини оширади.

    Оқ уй раҳбари, шунингдек, болалар меҳнатига барҳам бериш ҳамда давлат бошқаруви транспарентлигини таъминлаш бўйича силжишларга эришилганини олқишлади.

    АҚШ президенти Ўзбекистон — АҚШ муносабатларини янада чуқурлаштиришга тайёрлигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатлар умумий манфаатлари кесишган жиҳатлар талайгина.

    “Вашингтон минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва Афғонистонда барқарорликни қарор топтиришга ҳаракат қилаётган, кучли ва мустақил Ўзбекистонни қўллаб-қувватлайди”, деди у.

    Дональд Трамп Ўзбекистоннинг яқин қўшничилик сиёсатини олқишлашини маълум қилган. Бу минтақа мамлакатлари ўртасида муносабатларни яхшилашга ёрдам бермоқда. Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан давлат чегараларини демилитация қилиш бўйича эришган келишувлари, айниқса, муҳим аҳамиятга эга.

    SHARE