Ўзбекистонда онлайн петиция юбориш имконияти яратилади

Ўзбекистонда онлайн петиция юбориш имконияти яратилади ва улар маҳаллий ва марказий вакиллик органлари томонидан кўриб чиқилиши мажбурий бўлади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатномасида маълум қилди.

“Ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан фикр ва таклифларни қуйидан – фуқаролардан, жойлардаги халқ депутатлари Кенгашларидан олиш тартибини кенг жорий этиш зарур. Қонунларни қабул қилиш жараёнида уларни аҳоли ўртасида ҳар томонлама муҳокама қилиш тизимидан самарали фойдаланишимиз керак”, деди Президент.

Олий Мажлис раҳбарияти қонунлар муҳокамасига кенг халқ оммасини жалб қилиш, бунинг учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, жумладан, Интернет тармоғида махсус “майдон”лар яратиши зарур. Шу муносабат билан мамлакатимиз фуқаролари давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалалар бўйича ўз фикрларини билдиришлари учун Интернет тармоғида “Менинг фикрим” деб номланган махсус веб-саҳифа ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Хусусан, демократиянинг илғор механизми сифатида жамоа бўлиб электрон мурожаат киритиш тартибини татбиқ қилиш зарур. Яъни бир гуруҳ фуқаролар томонидан илгари сурилган ташаббусларни Олий Мажлис ёки халқ депутатлари Кенгашлари кўриб чиқиши мажбурий экани қонунда белгилаб қўйилиши лозим.

Петиция дунё амалиётида халқ хоҳиш-истагини билдирадиган муҳим ижтимоий-сиёсий механизм саналади.