Наманганда ҳалок бўлганлар оилаларига тиббий-психологик ва моддий ёрдам берилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан эълон қилинган дастлабки рўйхатга кўра, 2018 йил 18 январь куни Қозоғистоннинг Актюбинск вилоятида юз берган автобус ёнғинида ҳалок бўлганларнинг 29 нафари ва жабрланганларнинг 2 нафари Наманган вилоятидан, жумладан, 23 нафари Тўрақўрғон, 8 нафари Косонсой туманидан сафарга чиққан фуқаролар экани маълум бўлди.

ЎзАнинг ёзишича, шу муносабат билан вилоят ҳокими раҳбарлигида вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, фавқулодда вазиятлар, соғлиқни сақлаш бошқармалари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими каби бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарларидан иборат ишчи комиссияси тузилди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматидан олинган маълумотларга кўра, вилоят ишчи комиссияси томонидан мазкур туманларда фожиа қурбонларининг оилавий шароитини ўрганиш, оила аъзоларига тиббий-психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.