Футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё чемпиони

Хитойда 23 ёшли футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатининг финал баҳсида Ўзбекистон ва Вьетнам ёшлар терма жамоалари ўзаро баҳслашди.

ЎзАнинг ёзишича, биринчи бўлимнинг 8-дақиқасида Достонбек Ҳамдамов бурчакдан тўпни Рустамжон Ашурматовга узатди ва ҳимоячимиз ушбу вазиятдан унумли фойдаланиб, тўпни боши билан дарвозага жойлаб қўйди. Ҳисоб – 1:0. 41-дақиқада дарвозамиз томон қўйилган жарима тўпини вьетнамлик Нгуен Куанг Хаи муваффақиятли амалга оширди ва ҳисобни 1:1 кўринишига олиб келди.

“Қор жанги”нинг иккинчи бўлимини футболчиларимиз кўк либосда ўтказди. Ушбу таймда ҳар иккала жамоа вакиллари қатор ҳужумлар уюштирган бўлса-да, аммо ҳисоб очилмади. Шу тариқа асосий вақт 1:1 ҳисобида якунланди.
Қўшимча вақтнинг иккинчи бўлими якунланишига бир дақиқа қолганида бурчакдан оширилган тўпни Андрей Сидоров дарвоза томон оёғи билан йўллади ва терма жамоамизнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.
Шу тариқа Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё чемпионига айланди.