Ўзбекистон ва Қозоғистон масжидларида ҳалок бўлганлар ҳақига дуолар ўқилди

Ўзбекистон ва Қозоғистондаги масжидларда бугунги Жума намозида Оқтўба вилоятида автобусда ёнғин содир бўлиши оқибатида қурбон бўлганларнинг ҳақига дуо қилинди.

Қозоғистон мусулмонлар диний бошқармаси матбуот хизмати хабарига кўра, Қозоғистон бош муфтийси Серикбай Ҳожи Ўраз томонидан Актюбинск вилоятида автобусда ёнғин содир бўлиши оқибатида Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлиши муносабати билан ҳамдардлик билдирган. Шунингдек, хабарда Қозоғистоннинг барча имомларига Жума намози пайтида фожиали тарзда ҳаётдан кўз юмганларнинг ҳақига дуо қилиниши ҳақида телеграмма юборилганлиги айтиб ўтилган.

Шу муносабат билан бугун қўшни давлатнинг барча масжидларида ҳам Жума намозида ушбу марҳумлар ёдга олиниб, Қуръон тиловат қилинди ҳамда дуолар ўқилди.