Ўзбекистонда нотўғри ва асоссиз хабарларга тезкорлик билан муносабат билдирилади

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази очилди. ЎзАнинг хабар беришича, мультимедиа маркази замонавий технологиялар ва креатив ёндашувлардан фойдаланган ҳолда ахборот-таҳлилий медиа материалларни тайёрлайди. Жумладан, бу ерда аудио ва видеороликлар, телекўрсатув ва радио эшиттиришлар, ижтимоий рекламалар, воқеа жойидан репортажлар тайёрланиб, эфирга, шунингдек, интернет тармоғига узатилади. Ҳар бир медиа материалнинг долзарблиги, ҳуқуқий жараёнлар ва давр талабига мослиги ҳамда юқори савияда бўлиши талаб этилади.

Хабарда айтилишича, ҳозир барча ОАВ ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган ахборотларни таҳлил қиладиган бўлсак, улар орасида нотўғри, асослантирилмаган, бузғунчи ғояларни тарғиб этувчи маълумотларни ҳам учратиш мумкин. Кўпинча бундай ахборотлар мамлакатимизда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмаган интернет тармоқлари орқали тарқатилади. Марказ ана шундай материалларга нисбатан ҳам муносабат билдиради. Бу жараёнда мавжуд ҳолат таҳлилий ўрганилиб, шу асосда расмий маълумот берилади. Натижада аҳоли орасидаги тушунмовчилик ва ноаниқликларга чек қўйилади.

Марказ асосий эътиборни давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қарор ва фармонларнинг мазмун-моҳияти ва уларда белгилаб берилган вазифаларни аҳолига тушунарли ва халқчил қилиб етказиш мақсадида турли медиа маҳсулотларни тайёрлашга қаратади. Ушбу материаллар инфографика ва махсус аудиовизуал эффектлардан кенг фойдаланган ҳолда таҳлилий мазмундаги маълумотлар билан бойитилади. Бу эса, ушбу ҳужжатларнинг мазмунини тўлақонли ёритиш ва аудиторияга етказиш имконини беради.

Тайёрланаётган ахборот-таҳлилий медиа материалларни тезкор тарқатиш учун вазирликлар ва идоралар ахборот хизматлари, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари, жумладан, теле ва радиоканаллар, интернет сайтлари, газета ва журналлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилади.

SHARE