“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси қошидаги қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплар савиясини баҳолаш бадиий Кенгашининг хулосасини олиш тартибига эслатмани эълон қилди. Унга кўра, клипда умуминсоний ва миллий маданиятга зид бўлган, ножоиз ҳатти-ҳаракатлар, турли ғоявий таҳдидлар акс этмаслиги лозим. Жумладан:
• гиёҳвандлик, спиртли ичимликлар тарғиботи;
• қонли, террористик ҳатти-харакатларни тарғиб қилувчи, уруш ва қўпорувчиликка майл уйғотувчи тасвирлар;
• динлар ва миллатлар аро нифоқ, зиддият уйғотувчи унсурлар;
• давлат рамзлари (герб, байроқ, Президент) тасвиридан ножоиз, ноўрин фойдаланиш;
• турли фирма, компаниялар ҳамда уларнинг маҳсулотларини ошкора ва яширин реклама қилиш;
• ётоқхона ва бошқа хосхоналарда хонандаларнинг ёнбошлаб, ўзбекона одоб қоидаларига зид ҳолатда қўшиқ куйлаши;
• оммавий маданиятга хос тарзда очиқ-сочиқ, йиртиқ-ямоқ, ярим-яланғоч кийиниш ҳолатлари;
• шаҳвоний ҳирс ва беҳаёликни, енгил-елпи ҳаётни тарғиб қилувчи оҳанг ва тасвирлар;
• тана аъзоларига туширилган турли татуировка ва “нақш”ларни кўрсатиш;
• эркак хонандаларнинг аёллар каби кийиниши, безаниши, айтайлик, ҳар хил зираклар тақиши ва шунга ўхшаш номуносиб ҳолатлар;
• қўшиқ матни ва мазмунига ҳеч қандай алоқасиз равишда, фақат қимматбаҳо машиналару қасрдай уйларни, ярашиқсиз зебу зийнатларни кўрсатиб кўз-кўз қилиш;
• муқаддас қадамжолар, табаррук ёдгорликлар, қутлуғ меросимизга нисбатан ҳурматсизлик қилинган ҳолатлар;
• ўзбекона урф-одатларимизга ёт, ўринсиз ва беўхшов ҳаракатлар.
Изоҳ: Қўшиқ матнидан келиб чиққан ҳолда фойдаланилган, эзгу ғоялар тарғиботига хизмат қилувчи салбий образ ва ҳолатлар, агар мақсад амалга ошган бўлса, Кенгаш томонидан рад этилмайди.