Шавкат Мирзиёев ўзбекистонликларни Наврўзи олам билан қутлади

Бугун, 21 март куни республикамизнинг барча ҳудудлари бўйлаб Наврўз байрами кенг нишонланмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ»да ташкил этилган байрам сайлида иштирок этди ва ўзбек халқини Наврўз умумхалқ байрами билан табриклади.

«Далаларимизда, узоқ-узоқ қишлоқларимизда халқимиз Наврўзи оламни, уйғониш, яшариш байрамини катта тантана билан кутиб олмоқда. Албатта, жонажон ватанимизда бўлаётган ўзгаришлар, қабул қилган стратегиямизнинг энг катта маъно-мазмуни шу халқимизни рози қилишдир.

Бугун албатта байрамни катта сайил тарзида ўтказганимиз бежиз эмас. Қишдан чиққан халқимиз баҳорий байрамни катта хурсандчилик, шукроналик билан кутиб олмоқда.

Posted by Шавкат Мирзиёев – Shavkat Mirziyoyev on Tuesday, March 20, 2018

Вилоятларимизни айланиб чиққанимизда оқсоқолларимиз, мунис оналаримиз, сингилларимиз, фарзандларимизнинг кайфиятлари ҳаммамизга куч бағишлади.

Деҳқонларимиз, чигит қадаётган фермерларимиз, далаларда ишлаётган меҳнаткашларимизга қут-барака тилаймиз. Уларнинг қилган дуолари юртимизга тўкин-сочинлик олиб келсин.

Жонажон ватанимизда кўп миллатли халқимиз миллатидан, тилидан, динидан қатъи назар бир оила бўлиб яшамоқда. Илойим кўз тегмасин, илойим халқимизнинг ҳамма ниятлари амалга ошсин, халқимизнинг энг катта мақсади – юртимизда тинчлик бўлсин, юртимизга кўз тегмасин. Яна бир марта сизларни Наврўзи олам билан табриклайман. Саломат бўлинглар!», деди Президент.