Дональд Трамп Афғонистон бўйича Тошкент конференциясига Томас Шеннонни юбормоқда

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги конференция халқаро доирада катта қизиқиш уйғотди. Чунки бу конференция нафақат минтақамиз, балки бошқа ҳудудларга ҳам таъсир ўтказаётган Афғонистон масаласига бағишланган.

Президент матбуот котиб Комил Алламжоновнинг ёзишича, ушбу халқаро анжуман 26-27 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтади. Унда 20 дан ортиқ давлатлар, нуфузли халқаро ташкилотлар делегациялари иштирок этади.

Жумладан, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани, БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Тадамити Ямамото, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини Тошкентга келади.

АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шэннон, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Жавад Зариф, Покистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Асиф ҳам конференцияда қатнашишини тасдиқлаган.

president.uz

Шунингдек, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ҳиндистон, Япония, Туркия, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатлар делегациялари қатнашиши режалаштирилган.

Шуни қайд этиш керакки, март ойи бошида Дональд Трамп Шавкат Мирзиёевга йўллаган мактубида “Сизнинг Афғонистон бўйича халқаро конференция ўтказишга доир ташаббусингизни тўлиқ қўллаб-қувватлайман, шундай экан, ушбу формат афғонистонликлар бошчилик қилаётган Кобул жараёни билан мувофиқлаштирилишини таъминлаш учун биз ҳамкорликда астойдил ишлашимиз зарур. Оқ уй маъмурияти Тошкентдаги конференцияда иштирок этувчи АҚШ делегацияси таркибини кўриб чиқмоқда”, деган эди.