Иккинчи жаҳон уруш йилларида 15 болани бағрига олган Шомаҳмудовлар ёдгорлиги эски жойига қайтарилади

2018 йилнинг 23 апрель куни “Истиқлол” санъат саройи майдонида реконстркция ишлари бошлаб юборилди. Тез кунларда Шомаҳмудовлар оиласи жамланган ҳайкал ушбу майдонда қад кўтаради.

Бу ҳақида Тошкент шаҳар ҳокимияти хабар берди.

Унда айтилишича, Иккинчи Жаҳон уруши йилларида турли миллатларга мансуб бўлган 15 нафар болани ўз қанотига олган Шоаҳмат ва Баҳри Шомаҳмудовлар оиласи ҳақида Раҳмат Файзиевнинг «Его величество Человек» романи асосида кинорежиссёр Шуҳрат Аббосовнинг «Сен етим эмассан» киноси тасвирга олинган ва бу фильм ҳанузгача турли халқлар орасида севиб томоша қилинади. Асраб олинган болалар орасида рус, беларус, молдаван, яҳудий, латиш, татар, қозоқ миллатларига мансуб болалар бўлган.

“Халқлар Дўстлиги сиймоси ҳисобланган ушбу ҳайкал Тошкент шаҳрининг кўркига-кўрк қўшиб янада чиройини очади. Пойтахтимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларини бирдамликка, дўстликка ва бир оила бўлиб яшашга дават қилади”, дейилади хабарда.