Академик Маҳмуд Салоҳиддинов вафот этди

Атоқли математик олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Маҳмуд Салоҳиддинов шу йил 27 апрелда 85 ёшида вафот этди.

М.Салоҳиддинов 1933 йил 23 ноябрда Наманган шаҳрида туғилган. Катта илмий салоҳият ва ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган атоқли олим кўп йиллар давомида Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти ва президенти, олий ва ўрта махсус таълим вазири, Фанлар академиясининг Математика институти бўлим мудири каби масъул вазифаларда халқимиз ва Ватанимизга сидқидилдан хизмат қилиб, мамлакатимизда илм-фан ва таълим соҳаларини ривожлантириш, юқори малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди.

Олимнинг замонавий ўзбек математика мактабини дунёга танитишда муҳим аҳамиятга эга бўлган фундаментал тадқиқотлари, илмий ишланмалари, монография ва мақолалари юртимиз ва чет эл илмий жамоатчилиги ўртасида юксак эътирофга сазовор бўлди.

“Академик М.Салоҳиддиновнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У Абу Райҳон Беруний номидаги давлат мукофоти, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби” фахрий унвони, “Фидокорона хизматлари учун”, “Меҳнат шуҳрати” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган эди. Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Маҳмуд Салоҳиддиновнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади”, дейилади Президент таъзияномасида.