Google Марказий Осиё учун асосий офисини Тошкентда очиши мумкин

Истанбулда бўлиб ўтган Глобал тадбиркорлик конгресси доирасида Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги Тадқиқотлар, давлат ва жамиятга инновацияларни жорий этиш бошқармаси бошлиғи Бекзод Ҳамзаев Google ва Facebook компаниялари вакиллари Эркан Каптан ва Довон Эрнир билан учрашди.

Вазирлик матбуот хизматидан «Дарё»га маълум қилишларича, суҳбат чоғида ҳамкорлик алоқалари муҳокама қилинган. Ўзбекистон томони Google компаниясининг Марказий Осиё учун марказий офисини Тошкент шаҳрида очиш таклифини илгари сурган.

«Бу таклиф илиқ қабул қилинди. Тез орада компания вакиллари Тошкентга ташриф буюриши ҳамда 2018 йил охирига қадар бу ишни амалга оширишга келишиб олинди», — дейилади вазирлик ахборотида.

Бундан ташқари, Google ва Facebook вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилиши кутилаётган Қ Бох ва ЭдуБоок лойиҳалари учун кодлаштириш ва дастурий таъминот контентини бепул тақдим этишини маълум қилган. Вазирликнинг қайд этишича, Туркиядаги IT-дарслари ушбу контент ёрдамида олиб борилади.