АҚШ ФТБ Ўзбекистон Бош прокуратурасида портлашдан сўнгги тергов амалиётлари бўйича машғулот ўтказди

Америка Қўшма Штатлари Федерал тергов бюросининг тўрт нафар махсус агенти ва портловчи моддалар бўйича мутахассиси Бош прокуратуранинг Тошкентдаги Олий ўқув курсларида портлашдан сўнгги тергов амалиётлари бўйича бир ҳафталик тренинг ўтказди, деб хабар берди“Халқ сўзи”.

Унинг бир қисми мавзуга оид Ички ишлар вазирлигида ўтказилган амалий машқлардан иборат бўлди. Ушбу машғулотларда далил топиш ва тўплаш, қурилмани қайта тиклаш ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишда зарур бўлган муҳим билим ва кўникмаларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

“Бундай машғулотлар кўмагида Федерал тергов бюроси (ФҚБ) халқаро ҳуқуқ-тартибот органларидаги ҳамкорларга ҳамкорликни кучайтириш ва далил йиғишга ёрдам берувчи умумий ва илғор қидирув усулларига оид кўникмаларни ўргатади. Бундай машғулотлар бутун дунё бўйлаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади,” — дейди ФТБ вакили.

Бу лойиҳани АҚШ элчихонасидаги Дипломатик хавфсизлик бўйича минтақавий идора ҳам қўллаб-қувватлади. “Мазкур тренинг ва ҳамкорлик қидирув-тергов, далилларни йиғиш ва жиноий жавобгарликка тортишга доир усулларимизни бирлаштиришга ёрдам беради. Реал текширув бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашиш ва амалий машғулотлар ўтказиш орқали, ФТБ экспертлари келгусида трансмиллий жиноят ва террорчиларга қарши биргаликда кураш олиб бориш учун, АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Федерал тергов бюроси Адлия департаменти учун қидирув-тергов ишлари олиб бориш мақсадида 1908 йили ташкил этилган.

Қайд этиш керакки, ўтган йили декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси делегацияси Вашингтон шаҳрига (АҚШ) ташриф буюриб, АҚШ Адлия департаментининг Федерал тергов бюроси раҳбарияти билан учрашувда иштирок этган эди.