АҚШ Давлат котибининг инсон ҳуқуқлари, демократия ва меҳнат масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Рэнди Берри Ўзбекистонда музокаралар ўтказмоқда

2018 йил 6 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳамда АҚШнинг инсон ҳуқуқлари, демократия ва меҳнат масалалари бўйича давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари Рэнди Берри билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақида Сенат матбуот хизмати хабар тарқатди.

Сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни тобора кенгайтириш, Ўзбекистон Республикасида демократик жараёнларни янада чуқурлаштириш масалалари юзасидан доимий мулоқот ўтказиш, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифалар доирасида “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да инсон ҳуқуқларини таъминлаш муҳим роль ўйнайди.

Учрашув мобайнида икки мамлакат ўртасида парламентлараро ҳамкорлик қилиш ва савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама этилди.