АҚШдаги “Ўзбек ёшлари ассоциацияси” раҳбари Комила Зокирова Ўзбекистонда “Ёш ватандошлар” фестивалида қатнашмоқда

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, “Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси” ҳамкорлигида ўтказилаётган «Ёш ватандошлар» халқаро фестивали доирасида пойтахтимизда бир қатор тадбирлар бўлиб ўтди. Бу ҳақида ЎзА хабар бермоқда.

Дунёнинг турли мамлакатларида истиқомат қилувчи ўзбекистонлик ёшларни бир жойга жамлаб, юртимизда бўлаётган ўзгариш ва янгиликлар билан таништириш, уларнинг ўзаро фикр алмашиши учун кенг имконият яратадиган мазкур фестиваль иштирокчилари пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларида бўлди.

Темурийлар тарихи давлат музейи, Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуаси, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи каби масканларда бўлган ёшларнинг таассуротлари ўзгача.

– Бу фестиваль айни кўнглимиздаги тадбир бўлди, – дейди АҚШдаги “Ўзбек ёшлари ассоциацияси” раҳбари Комила Зокирова. – Айниқса, турли тарихий обидалар, қадамжолар билан бирга, замонавий иншоотлар қад ростлаганини кўриб, жуда қувондим. Мен шу жаннатмонанд юрт фарзанди эканимдан фахрланаман.

Ёшлар ижод саройида экокўргазма ташкил этилди. Унда пойтахтимиздаги умумтаълим мактаблари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари ҳам қатнашди. Унда она табиатни асраш, экологик муҳитни барқарор сақлашга оид суратлар намойиш этилди.

Шунингдек, “Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси: тараққиёт истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ва фестиваль иштирокчилари томонидан Ёшлар иттифоқи аъзолари учун маҳорат дарслари ташкил этилди.

Унда АҚШ, Россия, Япония, Туркия, Покистон, Қирғизистон, Тожикистон, Хитой Халқ Республикаси, Финляндия, Швейцария, Испания, Франция, Италия, Германия каби мамлакатларда яшаётган, таҳсил олаётган йигит-қизлар иштирок этди.

– Иқтисодий билимларимни мустаҳкамлаб, юртим равнақи, давлатимиз ривожи учун ўз ҳиссамни қўшмоқчиман, – дейди Новосибирск геосистемалар ва технологиялар университети (Россия)нинг иқтисодиёт факультети талабаси Мубашширхон Мирзаев. – Мен олти йилдан буён юртимдан йироқдаман. Бир йилда бир келаман. Ҳар гал келганимда юртимизни янги қиёфа, ўзгаришларга бой ҳолда кўраман. Ватанимизнинг янада гуллаб-яшнаши учун турли мамлакатларда ўз йўналиши бўйича билим олаётган тенгдошларимиз кўп. Ҳаммамизнинг мақсадимиз бир – Ўзбекистон юксак марраларни забт этаверсин, жаҳонда ривожланган давлатлар қаторига қўшилсин.

Фестиваль доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.